ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Тошкент шаҳрида якшанба куни Ўзбекистоннинг энг тажрибали ҳарбий раҳбарларидан бири — истеъфодаги генерал-майор Исмоил Эргашев билан видолашув маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
У 24 феврал куни 73 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Дафн этиш маросими Самарқанд вилоятида, ҳарбий етакчи туғилиб, вояга етган жойда бўлиб ўтди.
Дафн этиш маросимида марҳумнинг яқинлари ва қариндошлари, Қуролли кучлар ветеранлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Эргашев 1945 йилнинг 5 августида Самарқанд вилоятининг Челак туманида таваллуд топган. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Қуролли кучларида турли лавозимларни эгаллаб келган. 1992-1994 йилларда артиллерия бошқармасида раҳбар бўлган, сўнгра 1997 йилгача артиллерия қўмондони лавозимида фаолият юритган.
1999-2000 йилларда Мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари, 2000-2004 йилларда Марказий Ҳарбий округ қўшинлари қўмондони лавозимларида фаолият юритган.
2004 йилдан 2005 йилга қадар Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон Қуролли кучлари Бирлашган штаби раҳбари лавозимини эгаллаган.
Ўз хизмат йилларида Эргашев I ва II даражадаги "Шон-шараф", шунингдек, "Жалолиддин Мангуберди" орденлари билан тақдирланган.