Самарқанд вилоятидан Тожикистонга ўтиш мумкин бўлади

Ўзбекистон Тожикистон билан чегарада ўтказиш пунктлари фаолиятини тиклайди, шунингдек, янги ўтказиш назорат пунктлари очилади ҳамда темир йўлда ҳам ўтказиш пункти ташкил этилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати ўзбек-тожик давлат чегарасида айрим ўтказув пунктлари фаолиятини тиклаш бўйича қарор қабул қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларидаги "Каримов девори" бузиб ташланди
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, яқин вақтларда Самарқанд вилоятидаги "Жартепа", Жиззах вилоятидаги — "Қушкент" ва "Учтурғон", Сирдарё вилоятидаги — "Ховостобод", Тошкент вилоятидаги — "Бекобод", Наманган вилоятидаги — "Поп", Фарғона вилоятидаги — "Равот", Сурхондарё вилоятидаги — "Гулбаҳор" автомобил ўтказиш пунктларидаги инфратузилмаларни яхшилаш бўйича ишлар йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, ҳукумат Амузанг темир йўл ўтказиш пункти инфратузилмасини тартибга солишни режалаштирмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари" компаниясига 1 март санасига қадар "Ғалаба — Хошадий" темир йўл участкасининг Ўзбекистондаги қисмини қайта таъмирдан чиқариш ҳамда бу ерда ўтказув пунктини жиҳозлаш топшириғи берилган.

Яна бир муҳим хабар — Самарқанд вилоятида янги ўтказиш пункти пайдо бўлади. У Ургут туманининг Жартепа поселкасида жойлашади.