Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларидаги "Каримов девори" бузиб ташланди

Икки давлат сарҳадидаги мазкур тўсиқ 2010 йилда қурилган бўлиб, унинг баландлиги 3 метр ва узунлиги 10 метрга тенг эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятини боғлаб турувчи "Саразм-Жартепа" назорат-пунктидаги катта девор бузиб ташланди, деб хабар қилди "Халқ сўзи" нашри.

Муз эрияпти: Ўзбекистон - Тожикистон муносабатлари
Таъкидланишича, деворни бузиш маросимида ҳар икки давлат чегарачилари делегациялари иштирок этган. Икки давлат сарҳадидаги мазкур тўсиқ 2010 йилда қурилган бўлиб, унинг баландлиги 3 метр ва узунлиги 10 метрга тенг эди.

Тожикистон давлат ҳокимияти вакилларининг қайд этишича, мазкур пунктда терминал, меҳмонхона ва автотураргоҳ барпо қилинади.

Панжикент тумани Саразм қишлоғида яшовчи Осим Жамоловнинг айтишича, маҳаллий аҳоли чегарадаги ўзгаришларни бир-бирига қўшни икки мамлакат ўртасидаги алоқалар янада яхшиланиб бораётганининг яна бир тасдиғи деб билади.

Тожикистонлик журналист Шоҳин Равшан эса айни пайтда Панжикентда Наврўз байрамига қизғин тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлар экан, байрам тадбирларида Ўзбекистондан делегация ташриф буюриши ҳам кутилаётганини эътироф этган.