ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг янгича йўли, унда юз бераётган ўзгаришлар ва мамлакатнинг туризм салоҳияти ҳақида мунтазам ёритишмоқда. Республика халқаро сайёҳлик ярмаркаларида тобора кўпроқ иштирок этмоқда.
Дарвоқе, бугун, 21 февраль куни Санкт-Петербургда "Буюк ипак йўли жумбоғи" номли туризм ярмаркаси бўлиб ўтди. Ярмаркада 50 та маҳаллий туризм компаниялар вакиллари орасида Ўзбекистонинг 3 та туристик компанияси ҳам иштирок этди.
Шундай экан, бугунги кунда Ўзбекистон сайёҳларга нималарни таклиф қила олади?
Нега Ўзбекистон саёҳатчилар орзу қиладиган маконга айланиши керак ва бугунги кунда бу ўлкада туризмнинг қандай янги йўналишлари очилганлиги хусусида Спутник мухбири мақоласида танишишингиз мумкин.
Бағрикенг халқ
Ўзбекистонга ташриф буюришнинг энг муҳим сабаблардан бири, шубҳасиз, бу унинг меҳридарё халқидир. Меҳмондўстлик ва юракдан сахийлик — асрлар давомида миллатнинг асосий фарқловчи хусусияти бўлиб келмоқда.
Ҳатто, йўлингизда учраган нотаниш киши сизни ўз уйига, бир пиёла чойга таклиф этса ҳайрон бўлманг — бу ўзбек халқининг азалий урф-одатларидан бири.
Ҳозирда мамлакатда меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ва улар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Хусусан, 2018 йил 1 мартгача республикада сайёҳларга тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича махсус кол-марказ фаолияти йўлга қўйилади.
Сайёҳлар хавфсизлиги учун жавоб берадиган махсус патруллар эса мустақил сайёҳат қилишни хуш кўрувчилар учун қулай имконият яратади.
Ўзбекистон туристлар учун энг қизиқ шаҳарлар: Тошкент, Самарқанд, Бухоро
Ўзбекистон пойтахти дунёнинг энг қизиқарли шаҳарлардан бири ҳисобланади: бунда турли миллат, маданият, дин вакиллари фаровон ҳаёт кечиради. Тошкентда неча кун сафар қилсангиз ҳам, ҳар гал шаҳарнинг янги, нотаниш қирраларини ўзингиз учун кашф қиласиз.
Шовқин мегаполисдан бироз толиқсангиз, нигоҳингизни қадим ва ҳамиша навқирон Самарқандга қаратинг.
Республикада катталиги бўйича иккинчи шаҳар ҳисобланган бу вилоят ўз вақтида буюк саркарда Амир Темур салтанатининг пойтахти бўлган. Шаҳар — қадимий "жин" кўчаларни, тарихий мажмуаларни томоша қилишни ёқтирадиганлар учун нодир топилмадир. Сиёб бозори эса сайёҳларнинг севимли жойига айланиши турган гап.
Шунингдек, кўҳна Бухорони зиёрат қилишни унутманг. Бу шаҳарда кўплаб мутафаккир олимлар, уламолар ва шоирлар етишиб чиққан.
"Бухоро" сўзи сўғд тилидан таржима қилинганда "муваффақиятли жой" маъносини беради. Айнан шу муваффақиятли жой учун, тарихий манбаларда келтирилишича, қадимда қанчадан-қанча жанглар бўлган экан.
Ўзбек Швейцарияси
Тошкент шаҳрининг жанубий-ғарбий қисмида, кўҳна Самарқанднинг шимолий-шарқий қисмидан 90 км масофада ажойиб бир шаҳар — Жиззах шаҳри жойлашган.
Жиззахни "ўзбек Швейцарияси" деб аташади. Чунки бу ерда ажойиб "Зомин" дам олиш зонаси ва ноёб табиат қўриқхонаси жойлашган.
Зомин 1926 йилдан бери фаолият кўрсатади. Боғ ва қўриқхонанинг майдони 20 гектарни ташкил қилади. Бу ернинг табиати ажойиб. Кўп йиллик арчалар ўз гўзаллиги билан барчани ҳайратга солади. Ҳудуддаги кўплаб дарахтларнинг ёши юз йилдан ошади.
Бу ерда 2000 йилга яқин ўсаётган ноёб можжевелник арчалари сақланиб қолган.
Тоғчанғи курортлари, соғломлаштириш туризми
Республиканинг тоғли ҳудудлари, жумладан Чимён ва Белдирсойда йилнинг турли фаслларида чанғи спорт тури, пиёда юриш, алпинизм билан шуғулланиш имкониятини беради.
Об-ҳаво имкониятига қараб, Ўзбекистон тоғларида март ойи якунига қадар чанғи учса бўлади.
Тоғ трассаларида кўп йиллик тажрибага эга малакали инструкторлар ишлашади.
Хозирги вақтда Ўзбекистонда 3 та тоғчанғи базаси мавжуд: Белдирсой, Чимён, Янгиобод. Шунингдек, Ўзбекистондаги санаторийларда касалликларнинг ҳар бир турини даволаш ва диагностика қилиш халқаро стандартлари ишлаб чиқилиб, татбиқ этилган.
Бир сўз билан айтганда, дам олиш зоналарида нафақат мириқиб ҳордиқ чиқариш, балки бошқа давлатларникидан анча арзон нархда даволаниб олиш имконияти мавжуд.
Санаторий ходимларининг хушмуомалалиги эса Ўзбекистонга шифо топиш истагида келган сайёҳлар учун ажойиб бонус бўлиши турган гап.
Эко туризм
Ўзбекистоннинг чексиз чўллари, йирик тоғ тизмалари, саноқсиз дарёлари, кўллар, сув омборлари, ранг-баранг ўсимлик ва ҳайвонот олами дунёнинг барча бурчакларидан меҳмонларни жалб қилади.
Мамлакат бўйлаб саёҳат давомида сизларга Миллий қўриқхоналарга кириш имкони мавжуд: улардан Зомин, Зарафшон, Джейран экомаркази ва бошқа экологик тоза қўриқхоналари бор. У ерда Қизил китобга киритилган ноёб ўсимлик ва ҳайвонларни кўриш мумкин.
Чўлдаги нодир санъат намунаси
Савицкий номидаги музей тўпламида 90 мингдан ортиқ асар мавжуд. Музейга И.Савицкийнинг саъй-ҳаракати ва у тўплаган қорақалпоқ халқ амалий санъати асарлари негизида асос солинган.
Қорақалпоқ халқ усталари томонидан яратилган заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, каштадўзлик, тўқимачилик (айниқса, ўтов жиҳозлари) ва бошқа асарлар амалий санъат бўлимида жамланган.
Музей рус авангарди, Ўзбекистон санъат асарлари, Қорақалпоғистон миллий санъати намуналари, қадимги Хоразм санъати ёрқин намуналарини ўз ичига олади. Бундай асарлар дунёнинг ҳеч бир музейи ва шахсий коллекцияларда йўқ.
Ҳаттоки жаҳонга машҳур Санкт-Петербургадаги Рус музейи ва Москвадаги Третьяков галереяси ҳам Нукус музейига ҳавас қилишларини тан олишган.
Экспертлар ва жаҳон ОАВлари фикрига кўра, Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат музейи коллекцияси Осиё минтақасида энг биринчи ноёб санъат мажмуаси ҳисобланади. Рус авангарди тўплами ва хажми бўйича эса иккинчи ўринда туради.
Англиянинг "Гардиан" газетаси "бу музейни" дунёнинг энг яхши музейларидан бири" дея эътироф этган. Худди шундай баҳо Альберт Гор ва Жак Ширак томонидан ҳам берилган.
Музейдаги тўпламларни Буюк Британия, Франция, Германия, Япония элчилари, маслаҳатчилари ҳамда ЮНЕСКО ва АҚШ вакиллари томоша қилишган.
Транспорт қатнови
Ўзбекистонга ташриф буюрувчи туристлар диққатга сазовор жойларга темир йўл, авиа ва автотранспортларда боришлари мумкин.
Оддий поездлардан ташқари, ҳар куни Самарқанд ва Бухорога юқори тезликдаги "Афросиёб" поезди ҳам қатнайди. У соатига 230 км тезликда ҳаракатланиб, Тошкентдан Самарқандгача бўлган масофани 2 соатда босиб ўтади.
Шунингдек, республикада автомашина ижара хизмати йўлга қўйилади.
Ижара хизмат тури Тошкент, Бухоро Самарқанд, Хоразм шаҳарларида тажриба сифатида йўлга қўйилади.
Автомобиллар ижараси муайян муддатга (бир неча соатдан бир неча ойгача) ҳайдовчисиз автомобилни беришни кўзда тутади. Ижарани расмийлаштириш учун паспортдан ташқари халқаро намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам керак бўлади.
Ҳаво шарида парвоз
Сиз ҳаво шарида парвоз қилишни орзу қилганмисиз? Ёки сиз баландликдан қўрқасизми? Бухорода энди ҳаво шарида учиш имконияти мавжуд. Янги лойиҳа туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Аэронавтика федерацияси ҳамда бир қатор тижорат банклар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Сайёҳларга ер сатҳидан 100 метр баландликда қадимий Бухоро гўзаллигини томоша қилиш имконияти яратилди. Баландликдан ажойиб кадрларни тасвирга олиш ҳам мумкин.
Сеҳрли кўл
Айдаркўл — Ўзбекистондаги энг чиройли жойлардан бири ҳисобланади. Кўл Ўзбекистоннинг шимолий-шарқий қисмида Нурота шаҳридан 50 кмда жойлашган.
Кўл деярли одам яшамайдиган ҳудудда жойлашган, унинг яқинида атиги 345 оила истиқомат қилади.
Албатта, Айдаркўлида энг қизиқарли саргузашт бу — балиқ овидир. Айнан шу жойга республиканинг турли чеккаларидан минглаб туристлар келади.
Кўлга келувчилар балиқ ови учун барча зарур анжомларни ўзлари билан олиб келишади, лекин қармоқлар шу жойнинг ўзида ҳам ижарага берилади. Меҳмонлар қўлдан 6 км масофада жойлашган "Айдар" лагерида тўхташлари мумкин. Лагерда 8 та юрта мавжуд. Улар миллий услубда қурилган бўлиб, барча маиший қулайликларга эга. Шу ерда туяларда ҳам сайр қилиш мумкин.
ЮНЕСКО ҳимоясига олинган Сармаш жарлигидаги қадимий расмлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Марказий Осиё Маккаси
Ўзбекистон ҳудудида кўплаб диний обидалар мавжуд. Уларнинг баъзилари 3000 йилдан ортиқ тарихга эга.
Хусусан, Тошкентда Хасти имом маркази ва 7-асрга тегишли Қуръони каримнинг Халифа Усмон мусҳафини кўришингиз мумкин.
Шунингдек, Бухорода кўплаб масжид ва мусулмон уламолари қабрлари мавжуд.
Муҳим обидаларнинг бири Баҳоуддин Нақшбандий ёдгорлик мажмуаси. Ушбу мажмуа Марказий Осиё Маккаси ҳисобланади. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган мусулмон Нақшбандий исмини билади ва эъзозлайди. XIV асрнинг буюк илоҳиётчиси нақшбандия тариқати асосчиси 32 марта хажга борган. У одамларни камтарин бўлишга чорлаб, бойлик ва ҳашаматни рад этиб келган.
Буюк алома Бухоро ёнидаги Қасри Ҳиндувон (Қасри Орифон) қишлоғида дафн этилган.
Баҳоуддин мақбарасига турли мусулмон давлатлардан кўплаб меҳмонлар ташриф буюришади.
Мақбаранинг ичида қадимий тут ётибти, ривоятларга кўра, у Баҳоуддин ҳассасидан ўсиб чиққан. Агар унинг тагидан одам ўтса, унинг тилаклари, албатта, ижобат бўлади.
Туристларга эслатма…
Бугун Ўзбекистонда сайёҳларда мамлакат ҳақида энг ёрқин тааъсуротлар қолиши учун барча ишлар қилиняпти. Бунинг учун туризм инфратузилмасини қайта ривожлантириш жараёни бошланган.
2018 йил 10 февралдан бошлаб 7 та (Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Япония) давлат фуқароларига 30 кунлик муддатга визасиз тартиб жорий этилди, шунингдек 39 та давлат фуқаролари учун тартиб соддалаштирилди.
Бу билан визасиз режими 16 давлат фуқаролари учун қўлланилади.
Бугунги кунда визасиз режим билан 9 та давлат фуқаролари фойдаланилади: Озарбайжон, Армения, Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Россия, Украина, Қирғизистон.
2018 йил 1 майдан хорижий йўловчилар келганда уларга қисқа муддатли кириш визалар бериш бошланади.
Шу йил ёз мавсумида электрон шаклда E-Visa бериш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Энди саёҳлар барча ҳужжатларни интернет орқали юбориб, қисқа муддатда жавоб олишлари мумкин.
Электрон виза олиш учун тўловлар халқаро тўлов карталар (Visa ва MasterCard) орқали қабул қилинади.
Миллий авиаташувчиси ўзининг парвозларни кўпайтирмоқда. Хусусан, Скандинавия, Бенелюкс, Жанубий-Шарқий Осиё таркибига кирувчи давлатлар билан тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон АҚШ туристлари учун энг ишонарли ва хавфсиз бўлган давлатлар рўйхатига киритилган. Бу ҳақдаги хулоса АҚШ Давлат департаментининг 10 январдаги ҳисоботида айтилган.
Буларнинг барчаси яқин келажакда Ўзбекистон сайёҳлар учун энг қизиқарли давлатлар рўйхатига киришидан далолат беради.