ТОШКЕНТ, 14 фев – Sputnik. Ҳозирда Ўзбекистонда туристлар оқимини ошириш учун барча шарт-шароитлар мужассам, деди Ислом бизнеси халқаро ассоциацияси президенти Иршат Юнусов.
Унинг сўзларига кўра, бу соҳада улкан салоҳият мавжуд бўлиб, бундан мамлакат фаровонлигини юксалтиришда фойдаланиш мумкин.
"Ассоциациямиз муассис ва аъзолари орасида ҳалол йўналишида иш олиб борадиган 200дан ортиқ йирик ташкилотлар бўлиб, уларда бир неча минг ходим ва якка тадбиркорлар фаолият кўрсатади. Ана шулар ва уларнинг яқинлари ёрдами билан ҳам Ўзбекистонга туристлар оқимини сезиларли даражада оширишимиз мумкин. Ҳозирда мамлакатда бунинг учун барча шарт-шароитлар мужассам", — деди Юнусов.
Ассоциация вакиллари айниқса зиёрат туризмини ривожлантириш ва оммалаштиришни кўзда тутишмоқда.
Буюк ислом мутафаккирлари ва азиз авлиёлар мақбараларини зиёрат қилишни хоҳловчилар учун беш кун ва тўрт тундан иборат саёҳат таклифлари тайёрланди.
"Бизнес-туризмнинг ривожланиши Ўзбекистонга янги инвестициялар киритилишига сабаб бўлади, бу эса иқтисодиётнинг ривожланишига туртки беради", — деди у.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакат туризм салоҳиятини ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Хусусан, етти давлат билан визасиз режим жорий этилди ва 39 мамлакат фуқаролари учун мамлакатга кириш тартиби соддалаштирилди. Бундан ташқари, авиаташувлар нархларида ўзгаришлар бўлиши, Duty Free магазинлари очилиши ва Tax Free тизими жорий этилиши кутилмоқда.