Наманганда туризм ва миллий қадриятлар фестивалида 5 тонна сумалак тайёрланади

Тайёрланган сумалак барча ташриф буюрган меҳмонларга тортиқ қилиш билан бирга, қариялар ва меҳрибонлик уйларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга тарқатилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 фев – Sputnik. Наманган шаҳрида Наврўз байрами тантаналари доирасида 20-21 март кунлари илк бор ташкил этиладиган "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида 5 тонналик қозонда сумалак тайёрланади. Бу ҳақда Vodiymedia.uz хабар қилмоқда.

Ўзбекистонда ўтказиладиган тадбирларни ягона календари чиқарилади

Хабарда айтилишича, бунча миқдордаги сумалакни тайёрлаш учун 2 тонна буғдой ивитилади. Буғдойдан ташқари, 2 тонна ун, 1 тонна ёғ, 450 кг зоғора уни, 50 кг новвот ишлатилади. Сумалакни тайёрлаш учун 25 нафар онахон – сумалак усталари жалб этилади.

Тайёрланган сумалак барча ташриф буюрган меҳмонларга тортиқ қилиш билан бирга, қариялар ва меҳрибонлик уйларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга тарқатилади.

Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказиладиган "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилмоқда. Ушбу фестивал анъанага айланиши режалаштирилмоқда.

Рекорд ўрнатилди: 7360 килоли палов тайёрланди

Фестивал моҳиятига кўра ўзида баҳорий янгиланишга хос байрам шукуҳи, ўзбек халқининг миллий қадриятлари эъзози, хайрияпарварлик, барчага шодлик улашиш каби хусусиятларни қамраб олган оммавий сайл сифатида намоён бўлади. "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида шаҳардаги кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ ҳамда хатна тўйлари ўтказилади.

Фестивал давомида турли концерт дастурлари, миллий халқ ўйинлари бўлиб ўтади, иштирокчилар баҳорий миллий таомлардан баҳраманд бўлишади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 8 сентябр куни Тошкентда "Ўзбегим" фестивали доирасида 7360 кило палов тайёрланган ва Гиннеснинг рекордлар китобига киритилганди.