Томорқага экин экмайдиган ўзбекистонликлар солиқни кўпроқ тўлайди

Ким ўз участкасида экин экмаётганини аниқлаш мақсадида, маҳалла фаоллари хонадонма-хонадон юришлари маълум бўлди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. 2018 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси матбуот-хизмати.

Хусусан, қўмита хонадонларга солинадиган солиқ ҳажми қандай ҳолатларда ортиши ҳақида айтиб ўтган.

"Муҳим янгиликлардан бири, томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаётган жисмоний шахслар аниқланган тақдирда, улардан ушбу ер участкалари учун ер солиғи 3 баробар миқдоридаги ставкада ундирилади", — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, бунинг учун маҳалла фаоллари хонадонма-хонадон юрилиб, томорқа ер участкасига эга бўлган хонадонлар ўрганилади ҳамда экин экилмаган ҳолат бўйича ҳар бир ер участкаси эгасига солиқни 3 баробар ставкада тўлаш лозимлиги тушунтирилади ва ёзма тўлов-хабарнома берилади.