ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон Республикаси Президенти кун кеча "Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ Тошкент шаҳар ички ишлар органларида қуйидаги ўзгаришларни амалга ошириш назарда тутилди:
— шу пайтгача амалга бўлган Тошкент шаҳар туманлари ички ишлар бошқармалари тугатилиб, уларнинг ўрнига ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифалари ички ишлар бўлинмалари фаолиятини таҳлил қилиш, режалаштириш, ташкиллаштириш, халқ билан мулоқотни ва узвий ҳамкорликни ташкил этишдан иборат;
— Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг мавқеи бир поғона кўтарилди — энди Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи бир вақтнинг ўзида Ички ишлар вазирининг ўринбосари ҳам ҳисобланади;
— Бош бошқарма бошлиғининг ёшлар масаласи бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди;
— ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари бошлиқлари маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Бу лавозимга пенсияда бўлган собиқ ходимлар жамоатчилик асосида тайинланади ва уларга олаётган пенсиясининг 30 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақи белгиланади;
— ички ишлар органлари раҳбарлари ва профилактика инспекторларининг депутатлар ва аҳоли олдидаги ҳисобдорлик тартиби жорий этилди;
— шу йилнинг 1 апрелидан ходимлар фаолиятини рейтинг тизими орқали баҳолаш, юқори натижага эришилганларни рағбатлантириш, вазифасини лозим даражада бажармаганларни жазолаш; "102" рақами орқали келиб тушган маълумотлар бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этишни соддалаштириш тартиби жорий этилади;
— Бош бошқарма таркибидаги Матбуот хизмати Бош бошқарма Матбуот мультимедиа маркази сифатида қайта ташкил этилди;
— Бош бошқармага, истисно тариқасида, Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлмаган фуқаролар орасидан ҳам номзодларни қабул қилишга рухсат этилди;
— ички ишлар бўлимлари ходимларини босқичма босқич хизмат уяли телефонлари (планшетлар) билан таъминлаш чоралари белгиланди;
— Бош бошқарма, мувофиқлаштирувчи бошқармалар, ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг тегишли соҳалар учун шахсий масъулияти белгилаб берилди;
— туманларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тадбиркорликни ривожлантириш ва муаммоли оилалар билан ишлаш устидан назорат қилиш жамоатчилик кенгашлари тузилиши белгиланди;
— маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишни соддалаштирилган тартибини жорий этиш чоралари кўрилди, бунда ҳайдовчиси бўлмаганда ҳам нотўғри тўхтаб туриш бўйича баённома тузиш назарда тутилади;
— ходимларни босқичма босқич табель ўқ отар қурол ўрига электрошок воситалари билан таъминлаш борасида таклиф киритиш белгиланди.
Қарордан кўзланган асосий мақсад: пойтахтда жамоат тартибини сақлаш ишларини, ҳуқуқбузарлик профилактикасини янги поғонага кўтариш, жиноятчиликка қарши курашни фаоллаштириш, асосийси, ушбу фаолиятга барча давлат, жамоат органларининг ўзаро ҳамкорлигининг амалий механизмини жорий этиш.
Қарорда ифодаланган асосий ғоялар
— пойтахт ички ишлар органларининг бошқарув функциясини қисқартириб, асосий урғуни бевосита амалий иш билан шуғулланувчи бўлинмаларга бериш. Қуйи поғонадаги бўлинмаларнинг ҳуқуқ ва бурчларини кучайтириш, уларнинг бошлиқларига мустақил қарорлар қабул қилиш, нарядларнинг кунлик дислокациясини белгилаш ҳуқуқларининг берилиши;
— раҳбарлар ва ходимларнинг юклатилган вазифа учун шахсий жавобгарлигини аниқ белгилаш. Раҳбарлар шахсий масъулияти доираларининг аниқ белгиланиши, ходимлар фаолияти учун жорий этиладиган рейтинг тизими, у орқали ходимларни рағбатлантириш ва жазолаш;
— ички ишлар органлари хизматини инсонпарварлик ғоялари асосида ташкил этиш. Жиноят иши қўзғатишни рад этишни соддалаштирилиши, криминоген вазиятни яхшилашнинг энг муҳим омили сифатида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ва аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши, ниҳоят, табель қуроли ўрнига электрошок воситалари жорий этилиши;
— ички ишлар органларини аҳолига, халққа яқинроқ бўлишини таъминлаш. Аҳоли ва депутатлар олдидаги ҳисобот бериш тизимининг йўлга қўйилиши, Матбуот мультимедиа маркази ташкил этилиши, бириктирилган ҳудудга тезкор-профилактик хизмат кўрсатилмай қолишига олиб келадиган бўлса профилактика инспекторига ҳудудни ташлаб кетиш тақиқланиши.
2019 йилдан бошлаб ушбу тартиб бутун республика бўйича жорий этилиши мумкин.
Қарор нималарни белгилаб берди?
— маъмурий-бошқарув лавозимлари сони қисқариб, реал иш билан шуғулланувчи ходимларга жиддий эътибор қаратилади;
— шусиз ҳам унча кўп ишлатилмаётган, аксарият ортиқча ваҳима учун олиб юриладиган табель қуроллидан воз кечилади;
— раҳбарларнинг шахсий жавобгарлик "ҳудуд"лари аниқ белгилаб қўйилди;
— ички ишлар органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлиги ва очиқлиги таъминланади;
— профилактика инспекторларининг масъулияти оширилади, уларнинг маҳалла ишларидаги иштироки кенгайтирилади;
— ички ишлар органларининг вазифаси нафақат жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олишгина эмас, балки фуқароларнинг, ҳудуднинг муаммоларини ҳал этиши.