Ўзбекистон ҳудудида болаларни ўғирлайдиган жиноий гуруҳлар йўқ - ИИВ

Илгарироқ Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда болаларни уларнинг органларини олиш учун ўғирлаётган жиноятчилар пайдо бўлгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги болаларни органлар учун ўғирлаётган жиноий гуруҳлар пайдо бўлгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди, деб хабар қилмоқда Спутник мухбири.

Фарзандини сотиб пулига уй олмоқчи бўлган аёл қўлга олинди
Илгарироқ ижтимоий тармоқларда болаларни ўғирлаш билан боғлиқ бир нечта ҳолат юз бергани, яқинда пайдо бўлган жиноий гуруҳ болаларни органлар учун ўғирлаётгани ҳақидаги ваҳимали хабарлар пайдо бўлган эди. Фарғона вилоятида содир бўлган беш яшар қизалоқнинг ўлдирилиши бунга мисол тариқасида келтирилаётган эди.

Аммо ИИВ ушбу миш-мишларни инкор этди, ва бу хабар ҳақиқатга мос келмаслигини таъкидлади.

"Ўзбекистон ҳудудида болаларни ўғирлаш билан шуғулланадиган жиноий гуруҳлар йўқ. Фарғонада вафот этган қизалоқнинг барча органлари ўз жойида, органларнинг олинганлиги ёки кўчириб ўтказилгани излари мавжуд эмас", — деб таъкидлаган вазирлик.

Ўзбекистонда гоҳ-гоҳида болалар органлар учун ўғирланаётгани ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлиб туради, аммо бу хабарлар ўз тасдиғини топмайди. Шу билан бирга, ўз фарзандларини маълум суммага сотишга рози бўлган ота-оналар ҳақидаги хабарлар берилиб борилади.

Январ ойининг охирида Фарғона вилоятида болалар савдоси билан боғлиқ икки ҳодисанинг олди олинган. Биринчи ҳолатда она ўзининг уч ойлик зурриёдини 13 минг долларга пулламоқчи бўлган бўлса, иккинчи ҳолатда — уч яшар бола учун етти минг доллар сўраган.