Қирғизистонликлар Ўзбекистонга аввалгидан 30 марта кўп товарни божсиз олиб кириши мумкин

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни "Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Қирғизистон фуқароларига автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон ҳудудига қиймати 300 долларгача миқдордаги товарларни олиб ўтишга рухсат берилди, деб ёзади Sputnik Қирғизистон ушбу мамлакат давлат божхона хизматига асосланиб.

Хабарда айтилишича, илгари жисмоний шахслар Қирғизистондан Ўзбекистонга шахсий фойдаланиш учун умумий қиймати 10 доллардан ортиқ бўлмаган миқдордаги товарни олиб киришлари мумкин эди. Пайшанба куни Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков Бишкекда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевга ушбу чекловни 1000 долларгача оширишни таклиф этган.

Товарларни божсиз олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича меъёрлар янгиланди

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни "Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Президент қарори билан жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган қуйидаги чекланган меъёрлари тасдиқланди:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда — 2000 (икки минг) АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда — 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдорида;

Ўзбекистон Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда — 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдорида;

халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар манзилига келаётган товарлар учун бир календарь ой мобайнида — 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдори белгиланди.