Мирзиёев: барча саъй-ҳаракатлардан мақсад одамларга қулайлик яратиш

Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманида бўлиб, Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиш ишлари билан танишди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 фев – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ер остидаги мўъжиза - Тошкент метроси 40 йиллик юбилейини нишонлади

Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманида бўлиб, Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиш ишлари билан танишди.

Барча саъй-ҳаракатлардан мақсад одамларга қулайлик яратиш, деди Шавкат Мирзиёев. Метрополитен ва автобуслар ҳамоҳанглигини таъминлаш, бекатларда йўловчилар тўпланишини ва ҳаракатини мониторинг қилиш, таҳлилллар асосида йўналишларни оптималлаштириш, бу бўйича ҳар куни иш олиб бориш зарур. Йўловчиларни кўпайтириш ҳисобидан йўл кирани арзонлаштириш чораларини кўриш керак.

Шу ерда пойтахтда қурилаётган ер усти метроси бўйича ахборот берилди. Президент ушбу метро қурилишини такомиллаштириш, илм асосида материаллар вазнини енгиллаштириш, метро йўли остидаги ҳудудни ободонлаштириш, қўшимча хизматларни йўлга қўйиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Маълум қилинишича, метронинг тоннели асосини яратиш мақсадида 305 метрда бетон ишлари бажарилган ва 330 та йиғма темир-бетон конструкциялари ўрнатилган. Қурилишга 200 дан ортиқ ишчи ва муҳандис жалб этилган. Германия ва Хитойдан замонавий техника ва механизмлар келтирилган. Узунлиги 2,9 километрни ташкил этадиган ушбу йўналишни 2019 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.