ТОШКЕНТ, 5 фев – Sputnik. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Қамчиқ” Махсус қидирув-қутқарув бошқармасига янги замонавий “ТРEКОЛ” йўлтанламас транспорт воситаси келтирилди, деб хабар қилмоқда ФВВ матбуот хизмати.
Хабарда айтилишига кўра, Россияда ишлаб чиқарилган "ТРEКОЛ" ўта юқори ўтувчанлик қобилиятига эга бўлган замонавий йўлтанламас транспорт воситасидир.
Йўлтанламас-амфибия "ТРEКОЛ" – енгиллаштирилган ва совуқ ўтказмайдиган ойна-пластик қопламали кузовга эга. Автомобил ичида ҳайдовчи ва йўловчи учун иккита ўриндиқ жойлашган.
Йўлтанламас — 6х6 ғилдирак формуласига эга, яъни барча олти ғилдираги ҳам тортадиган. Ундан ташқари автомобил камерасиз паст босимли шиналар билан жиҳозланган бўлиб, йўлнинг хусусиятига қараб ҳаво босимини бошқариб бориш хусусиятига эга. Юк ортиш қисмида 8 киши ёки 700 килограм юк учун жой ажратилган. Юк кўтариш қобилияти – 700 кг, сувли ботқоқли ва қорда – 400 кг. Максимал тезлиги – 70 км/с.
Айни пайтда махсус транспорт воситаси “Қамчиқ” довони йўлида синовдан ўтказилмоқда. Келажакда ушбу русумдаги иккинчи йўлтанламас транспорт воситасини харид қилиниши режалаштирилган.