"Зулфия"чи қизларнинг ёши саккиз ёшга узайтирилди

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Шавкат Мирзиёев имзолаган Фармонга мувофиқ эндиликда Зулфия номидаги Давлат мукофоти 30 ёшдан ошмаган қизларга ҳам берилади.

"Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга берилади", — дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари бўлган ўқувчилари бакалавриатга, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасалари магистратурасига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларисиз давлат грантлари асосида қабул қилинади.

Ўзбекистонда "ЗАГС"лар ажримларнинг олдини олиш билан шуғулланади
Эслатиб ўтамиз, 1999 йилдаги президент Фармонига мувофиқ, Зулфия номидаги Давлат мукофоти 25 ёшгача бўлган қизларга берилган бўлса, 2006 йилнинг февралида мазкур низомга ўзгартириш киритилган бўлиб, "25 ёшгача бўлган" сўзлари "14 ёшдан 22 ёшгача" бўлган сўзлар билан алмаштирилган эди.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида таълим олаётган, аъло хулқи, олийжаноб инсоний фазилатлари, зукколиги, донолиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ёрқин истеъдодини намойиш қилиши билан бирга истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган иқтидорли қизларга адабиёт, санъат, маданият, фан ва таълим соҳаларида эришган катта ютуқлари учун берилади.