Андижонда "Тез ёрдам" шифокори беморнинг 24 млн сўмлик буюмларини ўғирлаб кетди

У тез тиббий ёрдам автомашинасида келиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатган ҳамда чиқиб кетаётиб қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 фев – Sputnik. Андижон шаҳрида тез тиббий ёрдам автомашинасида келиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатган шифокор беморнинг буюмларини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Андижон вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Парфюмерия дўконидан 33 млн сўмлик товарни ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди

Хабар қилинишича, Андижон шаҳрида яшовчи У.Г. Андижон шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2018 йил 12 январь куни соат 7ларда уйи меҳмонхонасидаги телевизори устидан нархи 24 млн сўмлик тилла тақинчоқлари: 1 дона тилла занжир, 1 дона узук, 1 дона браслет ва 1 жуфт зираги номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилганлигини билдирган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида номаълум шахс Андижон туманида истиқомат қилувчи А.Л. бўлиб чиқди. Олиб борилган профилактик суриштирув ишлари натижасида у 2018 йил 12 январь куни соат 6 яримларда У.Г.нинг чақирувига асосан унинг уйига тез тиббий ёрдам автомашинасида келиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатганлиги ҳамда чиқиб кетаётиб юқоридаги буюмларни ўғирлаб кетганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича Андижон шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.