Ўзбек ўқувчиси ўз синфдоши учун тушлик пулларидан воз кечди

30 январь куни Тошкент шаҳри Амир Темур кўчасида номаълум шахс оқ рангли "Спарк" автомобилида саккиз ёшли болани уриб кетиб воқеа жойидан яширинган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 фев – Sputnik. 30 январь куни соат 18:38да Тошкент шаҳри Амир Темур кўчасида номаълум шахс оқ рангли "Спарк" автомобилида саккиз ёшли болани уриб кетиб воқеа жойидан яширинган. Ҳозирда у қидирилмоқда.

Ушбу ҳодиса оқибатида жабрланган боланинг исми Влад бўлиб, шаҳардаги 302-мактабнинг 2-синфида ўқийди. У бош суяги жароҳатланиши ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Саховат сабоғи: тошкентлик ўсмир бемор болалар учун хайрия тадбири уюштирди

Айни пайтда унинг синфдошлари ва уларнинг ота-оналари Владлар оиласини руҳан ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашмоқда.

Муҳаммад Али исмли ўқувчининг онаси Sputnik мухбири билан суҳбатда айтган сўзлар эса ўзбек халқининг нақадар бағрикенг, меҳр-оқибатли эканлигини яна бир бор исботлайди.

Она ўғлига "Рўзғорда факат тушликларинг учун ажратилган пуллар ортиқча. Ўша пулларни ўртоғингга ёрдам учун берсак, уйдан тушлик олиб кетиб еб турасанми" дея сўраганида, саккиз ёшли Муҳаммад Али ҳеч ўйланиб ўтирмай "Ҳа, ойижон, ўртоғим учун албатта шундай қиламан", дея жавоб қайтарган.

Саккиз ёшли болакайнинг бу жавобини эшитгач, россиялик сиёсатчи Алексей Новоточиновнинг ўзбек халқи Ўзбекистонга уруш йилларида келтирилган 650 минг нафар боланинг бирортасини ҳам болалар уйларига топширмасдан ўз оилаларига, ўз бағирларига қабул қилганликлари, бундай саховатга фақат буюк халқгина қодир эканлиги ҳақида айтган сўзлари ёдимизга тушди.

Орамиздан меҳр-оқибат, саховат асло йўқолмасин.