Фарғона вилояти ҳокимлиги "Шуҳрат Ғаниев ўз халқи учун аламдан гапиргани"га аниқлик киритди

Фарғона вилояти ҳокимлиги журналистларни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ўз халқи учун аламдан ёниб гапирган гапларини "ҳақорат" сифатида бўрттириб кўрсатмасликка чақирди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Фарғона вилояти ҳокимлиги вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Ақтўбедаги фожеадан сўнг ўтказилган йиғилишда айтилган ва оммавий ахборот воситаларида тарқаб кетгач, катта шов-шувларга сабаб бўлган "нутқи"га аниқлик киритиш мақсадида расмий мурожаат эълон қилди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.

Журналистларга аталган мурожаатномага сарлавҳа тарзида ўзбек классик ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романидан жумла танланган — "Ҳар нарсага етган ақлингиз шунга қолганда оқсайдур…".

Матбуот-котиб ўз мурожаатини кириш қисмида "Ақтўбе вилоятидаги фожеа бутун халқни, мусулмонларни, барча дўстларни, кўпчиликни каттиқ қайғуга солганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

ФВВ Ақтўбедаги автобус ичида бўлганларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилди
"Ижтимоий тармоқлардаги Фарғона вилояти ҳокими тўғрисидаги шов-шувларни ва унга таниқли журналистларнинг ҳам қимматли вақтларини сарфлаб имло хатоларига ҳам эътибор бермай, ёзганларини ўқиб, ўзбек халқининг севимли асари "Ўтган кунлар"даги ҳолат ёдимга тушди: Отабек ўз отаси Юсуфбек хожини билиб-билмай айблагандаги сўзларига берган жавоби: "Ҳар нарсага етган ақлинг шунга қолганда оқсайдур. Нега ёнған юрагимга сен ҳам заҳар сочасан…."

Мен бу фикрларни аввало вилоятнинг оддий фуқароси ва фикрларимни ўқиб бўлиб, охирида бунга кўнмайдиганлар учун эса вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби сифатида ҳам билдирмоқдаман.

… 2018 йил 18 январ кунги Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилоятидаги фожеа бутун халқимизни, мусулмонларни, барча дўстларни, кўпчиликни каттиқ қайғуга солди. Оддий инсондан тортиб мутасадди раҳбарларгача, фожеадан хабардор бўлган ҳар бир одам ўз дунёқараши билан, таъбир жоиз бўлса илми билан унга ўз муносабатини билдирди, ўзига яраша хулосалар чиқара бошлади.

Бу воқеанинг юз беришига оид турли сабаблар ҳақида ҳам ҳаммада турли хил фикрлар бўлди. Аксариятимиз албатта, тақдири илоҳий деган муқаддас эътиқодимизга таяниб тасаллини шундан топдик. Зеро, ҳеч бир Аллоҳнинг синови беҳикмат эмаслигига ҳақиқий мусулмонларнинг иймонлари комил", — дейилади мурожаатда.

Ўзбекистон халқи қайғуда: онажонлар, сизларга дунёларча сабр-бардош тилаймиз

Наманган 31 ўғлонидан айрилди…

"23 январ, сешанба куни тонгда Наманган халқаро аэропортига Ақтўбеда ҳалок бўлганларнинг тобути ортилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги самолёти келиб қўнди. Самолётда фожеа қурбони бўлган 31 нафари Наманган, 16 нафари Фарғона ва 2 нафари Андижон вилояти фуқароларининг жасадлари келтирилди. Аэропортда уч вилоят ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари ҳозир бўлди. У ердан нари тобутлар вилоятларга олиб кетилди. Шу куни жаноза намозлари ўқилди…

Юқорида ҳамма ўзига яраша хулосалар чиқара бошлади дедик. Лекин хулоса чиқариб ҳамма ҳам ўзини тўғри ислоҳ қилишни бошладими?

Айтайлик, кимдир оддий мўмин банда сифатида баъзи маъсиятларига астойдил тавба қилиб бир кун келиб ҳаётдан кўз юмишини ва бу маъсиятларига жавоб беришини ўйлаб, буни қайтармасликка аҳд қилдими?

Ёки масъул раҳбар бўладими, мутахассисми, ўқитувчими, иқтисодчими, ҳар бир давлат хизматчиси давлатимиз раҳбарига ўхшаб ўзини айбдор ҳис қила олдими, айбдор ҳис қилган бўлса ҳам бирон бир ўзгариш қилишга, қатъий бир қарор қабул қилиб, бирон бир иш қилишга киришдими? "Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт" деган қоидани ўзига тўғри қабул қилдими? Ҳамманинг бунга берадиган жавоби аввало ўз виждонига ҳавола.

Мен бир нарсани аниқ айта оламанки, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Тошлоқлик ушбу фожеа қурбонларига ўз фарзандига, ўз жигарига куйгандек қаттик аламда, ўзини ҳам айбдор ҳис қилаётгани аниқ!"

Наманган вилояти ҳокимлиги Ақтўбеда ҳалок бўлганлар оилаларига ижтимоий ёрдам кўрсатади
Шундан сўнг матбуот-котиб Абдулазизхон Абдасов Фарғона ҳокими ҳақида у "тошлоқликларни ёмон кўраркан", тарзида тарқалган миш-мишларни рад этган.

"Шу билан бирга йиғилишда айтган ҳамма фикрлари асло халқини менсимаслик, Тошлоқ аҳлини ёмон кўриш ҳам эмас. Мутлақо аксинча, нима қилиб бўлса ҳам шундай ҳолат, шунга ўхшаш ҳолат яна такрорланмаслиги учун ҳаммани ҳушёр бўлишга чақириш, масъулиятни энг катта даражага ошириш, ўзини ҳам аяб ўтирмай жон куйдираётгани бу! Кўпхотинлик қилаётган, хотинларини қўйвориб, болаларни тирик етим қилиб, алиментини тўламаётганларни, ёки бўлмаса, ички ишлар ҳодимларини ноҳақ бўла туриб тошбўрон қилганларни қайси бирининг ҳаққига ким илиқ гап айта олади ўзи!!! Бу ерликларнинг Хажга боришни тақиқлаётгани сабаби ортида нима мақсад борлигини, "ундан кўра четга чиқиб кетишга мажбур бўлаётган муҳтожларга бер шу пулингни" демоқчи бўляпти деб тушуниб этганлар ҳам борми ўзи?"

Шунингдек, журналистлар танганинг иккинчи томонини унутиб қўйишгани иддао қилинган.

"Кўпам хайрли ниятда бўлмаган, яширинча кўчириб олинган аудиоёзувни эшитиб олиб, ислом динимизда ҳам аксарият ҳолларда алоҳида шахсларга, алоҳида ҳолатлардан келиб чиқиб ҳукм чиқаришга тўғри келадиган масала бўлиши мумкинлигини ҳам эҳтимолини олиб ўтирмай нима қилишини билмай ўтирган биз қалами ўткирлар гурсиллатиб тошбўронни бошлаб юбормасдан, танганинг иккинчи томонини ҳам ҳисобга олсак, сал инсоф қилсак бўлар эди.

Вилоят ҳокими аччиқ сўзлар деб ҳақиқатан ҳам бутун Тошлоқ аҳлини айтаётганига ишончингиз комилми ўзи? Наҳотки инсон бутун бошли ватандошларини шунчалик ёмон кўриб, ўзининг бутун халқини ҳақорат қилиши мумкин деб ўйлаймиз…

Йўқ. Бу ерда гап фақат ва фақат ўз вазифасига нолойиқ, ўз бурчини талаб қилинаётган даражада бажармай, эгаллаб турган мансабини, олаётган маошини оқлай олмаётганлар ҳақида, эгасини топиб олиши лозим бўлган, айрим маънавияти бузуқлар ҳақида кетаётганини ичимизда кўпчилигимиз билиб ҳам турибмиз…

Яна бир фикр ҳам бор: аслида ким кафолат бера олади мақола ёзаётган муаллифларнинг фикри тиниқлигигаю, кўриб гаплашиб кўрмаган одами ҳақидаги чиқараётган хулосаси адолатлигигаю, ёки "фурсати кеб қолди, қандингни уриб қол" деб, халқни бир "европача"илғорликка чорлаб, гиж-гижламоқчи эмаслигига?

Матбуот-котиб хулоса чиқаришга чақирди

Ёки бўлмаса шу кунгача вилоят ҳокимлигидаги олиб борилаётган бунёдкорлик, ривожланиш масалалари, юзлаб катта тадбирлар, амалий ишлар тўғрисида бирон марта маълумот сўраб қизиқмаган, лекин бир ўзига ёқадиган гапни эшитиб қолиб, идоранинг исталган бўлимларига тинимсиз қўнғироқлар қилиб "холисона" ахборот тарқатувчи марказларнинг кўриниб турган айёрона бераётган саволлари, ҳаракатларидан ҳам хулоса чиқариб, мавзуга чуқурлашишни тўхтатсак бўлар?

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги андижонлик сўконғич ҳокимни танқид қилди
Яна бир гап. Ҳамма мақола ўқиб, янгиликлардан хабардор бўлиб, интернетда ўзининг чиройли муносабатини билдириб ўтиргани билан ҳаёт яхшиланиб қолмаслигиниям тан олиш керак, манимча. Амалда нима иш қилиш керак ўзи? Хамма ўзи билганича иш қилаверсинми. Ёки кимдир қаттиқроқ тегиб, ҳали нима бўлганини ҳис қилиб улгурмаган масъулларни кўзини очиб қўйиши ҳам керакдир балки…

… Раҳбар ҳам оддий бир инсон. Аламда қолган ҳар қандай инсон сингари у ҳам қизишиб аламини кимдандир олгиси келади ёки ўзидан ташқари ҳам айбдор деб билган одамига тушунтириб қўймоқчи бўлиши ҳам мумкин. Лекин фурсат ўтиб алам устида айтилган гапларни бир четга суриб, ҳар бир ишни ўз қонун-қоидаларига кўра амалга ошириш кераклигини ҳам тан олади.

Сўнгги фикр. Мамлакат раҳбари ҳам узоқ вақтдан буён айримларга қилаётган ишлари ёқмаса ҳам, лекин белгиланган вазифаларни бор куч-имконияти, бутун вужуди билан бажариб, сидқидилдан, ўзини аямай ишлаётган, кўпчилик ҳам билавермайдиган қийинчиликларни бошидан кечириб, вилоят эришаётган ютуқларга сабаб бўлаётган айнан шу инсон билан шунча вақтдан бери бирга ишлаб, мазкур вазифада меҳнат қилишига ҳайрихоҳ бўлиб келаётгани беҳикмат эмаслиги ҳақида ҳам ўйлаб кўрсак ёмон бўлмасди…

Зеро, Садриддин Салим Бухорий айтганларидек,

Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа, топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.

Абдулазизхон Абдасов вилоят ҳокимлиги ахборот таҳлил гуруҳи етакчи мутахассиси-матбуот котиби".