Ақтўбе фожеасидан кейин: ХМТ ва Ўзбекистон ҳамкорлик қилишга келишди

Халқаро миграция ташкилоти ва Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш масаласини ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида белгилади Ташкилот Ўзбекистон томонига биргаликда молиялаштириш асосида ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik.  Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистон томонга биргаликда молиялаштириш асосида ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш масаласини таклиф этди, деб хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот-хизмати.

Ақтўбедаги фожеа: автобус нима сабабдан ёнгани айтилди
2018 йил 24 январ куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Актам Хаитов Халқаро миграция ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий катта маслаҳатчиси Манфред Профази, Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Деян Кесерович ва ХМТнинг Ўзбекистон билан алоқалар бўйича ходими С.Тошбаевлардан иборат делегацияни қабул қилди.

Суҳбат жараёнида Ўзбекистоннинг ХМТ билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

"Профази Ўзбекистон томонига Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон Республикаси ҳудудида фожиавий вафоти муносабати билан ўзининг чуқур таъзиясини билдирди. ХМТ вакили, шунингдек, мазкур ташкилот Ўзбекистон томони билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади. Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ХМТга аъзо бўлиши ҳамда иккитомонлама ҳамкорликни келгусида янада ривожлантириш йўлларини муҳокама қилдилар", — дейилади хабарда.

Ўзаро ҳамкорлик йўналишларида чет элларга чиқаётган меҳнат мигрантларининг хабардорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Ушбу аснода фуқароларнинг хабардорлик даражасини оширишга мўлжалланган ҳамкорликдаги маълумотларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги эътироф этилди.

ФВВ Ақтўбедаги автобус ичида бўлганларнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилди
Биргаликда одам савдосига қарши курашиш масаласи ХМТ билан ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Ушбу йўналишдаги ХМТ дастурларини Ўзбекистон тажрибаси асосида ҳаётга татбиқ этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим ва истиқболли йўналишлари орасида одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари қайд этиб ўтилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон томонига биргаликда молиялаштириш асосида ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Таъкидланишича, учрашув доирасида меҳмонларга миграция ва рекрутинг фаолияти тўғрисидаги қонунлар ишлаб чиқилаётгани ва ХМТнинг экспертлар ва техник даражада ушбу жараёнга иштирокининг мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилган ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиё даражасида ҳамда Европа давлатлари иштирокида ҳам ХМТнинг дастурларида иштирок этишга тайёр эканлиги билдирилган.