Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионати финалига чиқди

Шу тариқа 27 январь куни бўлиб ўтадиган финал баҳсида Ўзбекистон ва Вьетнам терма жамоалари ўзаро беллашадиган бўлди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Хитойда йигирма уч ёшгача бўлган футболчилар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатининг ярим финалида Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Корея вакилларини мағлубиятга учратиб, бош соврин учун бўладиган баҳсга йўл олди, деб хабар қилди "Халқ сўзи" нашри.

Ёниб кетган автобус, МХХ келажаги ва Бабаян футболдан умрбод четлаштирилиши
Муросасиз курашларга бой бўлган ўйинда ҳамюртларимиз 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Учрашувда голларга терма жамоамиз аъзоларидан Забиҳулло Ўринбоев, Азизжон Ғаниев, Жасур Яхшибоев ва Акромжон Комилов муаллифлик қилди. Рақибларнинг ягона жавоб тўпи Хванг Хюн Су томонидан дарвозамизга киритилди.

Яна бир ярим финал баҳсида Вьетнам терма жамоаси қатарлик тенгдошларидан устун келди. Мазкур ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Қўшимча дақиқаларда ҳам шу ҳисоб сақланиб қолди. Пенальтилар сериясида эса омад вьетнамликларга кулиб боқди.

Шу тариқа 27 январь куни бўлиб ўтадиган финал баҳсида Ўзбекистон ва Вьетнам терма жамоалари ўзаро беллашадиган бўлди.