Ўзбекистонлик мигрантлар рухсатномасиз чет элга кетишлари мумкин бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан қабул қилинган 2018 йилги Давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартибини бекор қилиш кўзда тутилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан қабул қилинган "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурига мувофиқ Ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш ва тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш белгиланган.

Ўзбекистонда авиа ва темир йўл чипталари арзонлашади
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, вазирлик ва идоралар томонидан 2018 йил 1 май санасигача бажарилиши режалаштирилган.

Лойиҳада: ривожланган давлатлар билан ҳамкорликда меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш;

хорижий давлатлар билан узоқ ва ўрта муддатли тегишли битимлар тузиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартибини бекор қилиш;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва консуллик хизматларининг хорижда ишлаётган фуқароларимиз билан доимий алоқада бўлишининг замонавий шаклларини жорий этиш назарда тутилади.