Хотин-қизлар қўмитаси аралашуви туфайли самарқандлик аёл суд залида озодликка чиқарилди

Иштихон туманидаги Боғихон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бекмирза Синдоров ва ҳудудий профилактика нозири Бобур Ғаниев айбланувчига мураббий этиб бириктирилди ҳамда доимий назоратга олиниши белгиланди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган самарқандлик аёл Хотин-қизлар қўмитаси аралашуви туфайли қамалмай қолди, деб хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот-хизмати.

Мирзиёев Хотин-қизлар қўмитаси раиси Норбоевани қаттиқ танқид қилди
Хабарга кўра, 2017 йилнинг июль ойида Иштихон туманидаги Боғихон маҳалласи Қорақия қишлоғида яшовчи Карима Бекмирзаева қўшниси Гулмира Санақулова билан томорқани суғоришда фойдаланадиган сув шланги устида тортишиб қолади. Жаҳлини жиловлай олмаган Карима қўлидаги ошхона пичоғи билан қўшнисига тан жароҳати етказиб қўяди.

Жиноят ишлари бўйича Иштихон туман суди К.Бекмирзаевани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топади ва унга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланади.

Карима Бекмирзаева суд ҳукмидан норози бўлиб, аппеляция тартибида шикоят беради.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ушбу ҳолат бўйича хизмат текширувини ўтказади. Шу жараёнда жиноят содир этган фуқаро яшайдиган маҳалладаги фаоллар, кўшнилар, қариндош-уруғлари билан суҳбатлар ўтказилади. Натижада у яхши оила бекаси, вояга етмаган икки нафар боланинг онаси эканлиги аниқланади.

17 январь куни жиноят ишлари бўйича вилоят судининг аппеляция инстанцияси судлов ҳайъатида вилоят хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлигида ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, "Оила" илмий-амалий маркази, мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги, "Оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш маркази" ҳамда бош отинойи иштирокида Карима Бекмирзаеванинг иши жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Зафар Файзиев раислигида қайта кўриб чиқилди.

Ўзбекистонлик хотин-қизлар масаласи Алла Пугачёванинг қўлидами?
Суд мажлисида вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси сўзга чиқиб, К.Бекмирзаеванинг муқаддам судланмаганлиги, икки нафар вояга етмаган фарзанди борлигини ва у ўз қилмишидан чин дилдан пушаймон эканлигини таъкидлади. Барча олинган маълумотларни инобатга олиб, вилоят хотин-қизлар қўмитаси жиноят ишлари бўйича вилоят судининг аппеляция инстанцияси судлов ҳайъатидан К.Бекмирзаевани содир этган жиноятини қонунда белгиланган тартибда енгиллаштиришни сўраб, кафилликка олишини билдирди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, суд белгиланган жазо муддатини шартли жазога айлантириб, Карима Бекмирзаевага 3 йил синов муддати белгиланди ва у шу куннинг ўзида суд залидан озодликка чиқарилди. Шу ерда ўзаро зиддиятга борган қўшнилар яраштирилди.

Иштихон туманидаги Боғихон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бекмирза Синдоров ва ҳудудий профилактика нозири Бобур Ғаниев айбланувчига мураббий этиб бириктирилди ҳамда доимий назоратга олиниши белгиланди.