Соғлиқни сақлаш вазирлиги: тезкор тиббий гуруҳ Қозоғистонга учиб кетди

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳалокат оқибатида жабрланганларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун захира ўринлари тайёрланди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳалокат оқибатида жабрланган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор тиббий гуруҳ ташкил этилди ва гуруҳ Қозоғистон Республикасига учиб кетди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Ақтобедаги фожеа: автобусда чатнаш юз бердими, ёки унга ўт қўйилганми?
Таъкидланишича, Камбустиолог, анестезиолог-реаниматолог, суд-мед эксперт ва психолог каби малакали шифокорлардан таркиб топган ушбу гуруҳга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Асилбек Худаяров бошчилик қилмоқда. Тезкор тиббий гуруҳ зарур воситалар, дори-дармон захиралари билан етарли даражада таъминланган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳалокат оқибатида жабрланганларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун захира ўринлари тайёрланди.

Эслатиб ўтамиз, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, Тошкент вақти билан 09:30 атрофида, "Самара-Чимкент" йўналишида ҳаракатланаётган автобус ҳалокатга учради. Автобусда 57 нафар йўловчи бўлган. Йўловчиларнинг 52 нафари воқеа жойида вафот этган, 5 нафар киши жароҳатланган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.