Шохжаҳон Эргашев Фредериксонни нокаут қилди

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев учун эса бу 12 - нокаутли ғалаба бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Бир неча соат олдин Нью-Йоркдаги “Turning Stone Casino Resort” аренасида якунига етган бокс жангида ўзбекистонлик Шохжаҳон Эргашев амеркалик Сони Фредериксон устидан ғалаба қозонди.

Шоҳжаҳон Эргашевнинг вазн ўлчаш маросимида жанжал келиб чиқди

Жангнинг биринчи дақиқасида Шохжаҳон берган зарбадан Фредериксон “учиб кетиб", ринг арқонларига урилиб қайтиб келди… Балким, бунга кеча боксчилар вазн ўлчаш маросимида бўлган кичик можаро сабабдир, лекин Шохжаҳон шунчалик ғазаб ва шижоат билан жанг қилди-ки, унинг ҳар бир зарбасидан рақиб тебраниб кетар, Фредериксоннинг қўл силташлари эса Шохжаҳонга пашша чаққандек ҳам бўлмасди.

Қуйида sports.uz сайтида жойлаштирилган ушбу жанг видеолавҳасини ўзбекча шарҳ билан томоша қилишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, америкалик Сони Фредериксон шу кунга қадар 18 жанг ўтказиб уларнинг ҳаммасида ғалаба қозонган эди. Ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашев учун эса бу 12- нокаутли ғалаба бўлди.

P.S. Сўнгги дамда олинган маълумотларга қараганда Фредериксон ушбу жангдан кейин касалхонага тушган. Айтишларига қараганда унинг жағи синган.