Ҳиндистонлик киноижодкорлар Бобур ҳақидаги фильмни Ўзбекистонда тасвирга олмоқчи

Ушбу масала юзасидан музокаралар ўтказиш мақсадида ҳиндистонлик киноижодкорлар жорий йил феврал ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ҳиндистоннинг "Emmay Entertainment" продюсерлик компанияси ва "СтарТВ" телеканали Мирзо Бобур ҳақида фильм суратга олишни режалаштирмоқда.

Андижонда Шоҳ Жаҳон бунёд эттиришни орзу қилган Тож Маҳал қурилади
Ўрта асрнинг етакчи адиби ва буюк шоир, моҳир саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар (Ҳумоюн, Акбар, Жаҳонгир, Аврангзеб) ҳақидаги ушбу картина кўп қисм — 6 фаслдан иборат тарихий филм бўлиши кутилмоқда.

"Emmay Entertainment" компанияси вакиллари фильмнинг маълум қисмларини, хусусан Бобурнинг болалик ҳамда Самарқанд ва Қобул шаҳарларидаги ҳукмронлик даврларига оид саҳналарни айнан Ўзбекистонда тасвирга олишга қизиқиш билдиришмоқда.

Ушбу масала юзасидан музокаралар ўтказиш мақсадида ҳиндистонлик киноижодкорларнинг жорий йил феврал ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда.