Мудофаа вазирлигидаги кўплаб мансабдор шахслар ишончни оқламаган - Мирзиёев

"Очиқ айтиш керак, улар асосан эски усуллар билан ишлаб, қўшинлар билан мунтазам алоқа ўрнатмаган, ҳарбий кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратмаган, зарур ҳолларда мустақил қарор қабул қилишда уларга қатъият етишмаган", - деб таъкидлаган Ўзбекистон президенти
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қўшинлардаги ташкилий-штат ўзгаришлари ва ҳозирги пайтда Мудофаа вазирлиги томонидан қўшинларни янги ташкилий тузилмага ўтказиш ишлари бошланганини ва бу ишлар янги ўқув йилига қадар якунланиши зарурлигини айтди. Мирзиёев бу борада Мудофаа вазирлиги собиқ раҳбарияти жиддий камчиликларга йўл қўйганини қўшимча қилди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.

Президент ҳарбийларнинг руҳий тайёргарлиги бўйича янги меъёрий ҳужжатлар кераклигини айтди
"Ана шу чора-тадбирлар ҳақида гапирганда, мудофаа вазири ва унинг ўринбосарлари эътиборини ушбу вазифаларнинг нақадар муҳим эканига қаратмоқчиман. Уларнинг ижросини шахсан ўзим назорат қилиб бораман", — деди президент.

Мирзиёев шунингдек, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи П.Эргашев бу борада фақат механизм яратиш эмас, балки уни самарали ишлатиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини чуқур англаб етиши кераклигини, қўшинлар исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлиши кераклигини, улар жанговар тайёргарликнинг янги тизими бўйича мунтазам шуғулланиб бориши, барча ҳарбий хизматчилар ҳақиқий профессионал кадр бўлиши учун ўз соҳасини пухта эгаллаши шартлигини қайд этди.

"Нима учун бу талаблар бугун кун тартибига кескин қилиб қўйилмоқда? Чунки, Мудофаа вазирлигидаги кўплаб мансабдор шахслар ишончни оқламагани, ўзларини кўрсатишда сусткашликка йўл қўйгани, уларда ташаббус йўқлиги, мустақил қарорлар қабул қилишни, масъулиятни ўзига олишга тайёр эмаслиги бунга сабаб бўлмоқда.

Президент Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказмоқда
Ҳолбуки, уларга ўз қобилиятини амалда намоён этиши учун барча имкониятлар яратиб берилган эди. Бундай камчиликлар мудофаа вазирлиги собиқ раҳбарияти фаолиятининг натижаси, десак хато бўлмайди. Очиқ айтиш керак, улар асосан эски усуллар билан ишлаб, қўшинлар билан мунтазам алоқа ўрнатмаган, ҳарбий кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратмаган, зарур ҳолларда мустақил қарор қабул қилишда уларга қатъият етишмаган.

Афсуски, бунинг оқибатида бизда кўп ҳолларда ҳарбий бошлиқлар тепадан буйруқ кутиб ўтиришга ўрганиб қолди. Яна бир бор такрорлаб айтаман: ҳар бир командир ва қўмондон ўз ҳарбий қисми ва округининг шароитидан, мавжуд жанговар вазиятдан келиб чиққан ҳолда, тезкорлик билан ҳар томонлама асосланган, мустақил қарор қабул қилишга қодир бўлиши шарт", — деб таъкидлаган Ўзбекистон президенти.