ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қўшинлардаги ташкилий-штат ўзгаришлари ва ҳозирги пайтда Мудофаа вазирлиги томонидан қўшинларни янги ташкилий тузилмага ўтказиш ишлари бошланганини ва бу ишлар янги ўқув йилига қадар якунланиши зарурлигини айтди. Мирзиёев бу борада Мудофаа вазирлиги собиқ раҳбарияти жиддий камчиликларга йўл қўйганини қўшимча қилди, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбири.
Мирзиёев шунингдек, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи П.Эргашев бу борада фақат механизм яратиш эмас, балки уни самарали ишлатиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини чуқур англаб етиши кераклигини, қўшинлар исталган дақиқада ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаришга қодир бўлиши кераклигини, улар жанговар тайёргарликнинг янги тизими бўйича мунтазам шуғулланиб бориши, барча ҳарбий хизматчилар ҳақиқий профессионал кадр бўлиши учун ўз соҳасини пухта эгаллаши шартлигини қайд этди.
"Нима учун бу талаблар бугун кун тартибига кескин қилиб қўйилмоқда? Чунки, Мудофаа вазирлигидаги кўплаб мансабдор шахслар ишончни оқламагани, ўзларини кўрсатишда сусткашликка йўл қўйгани, уларда ташаббус йўқлиги, мустақил қарорлар қабул қилишни, масъулиятни ўзига олишга тайёр эмаслиги бунга сабаб бўлмоқда.
Афсуски, бунинг оқибатида бизда кўп ҳолларда ҳарбий бошлиқлар тепадан буйруқ кутиб ўтиришга ўрганиб қолди. Яна бир бор такрорлаб айтаман: ҳар бир командир ва қўмондон ўз ҳарбий қисми ва округининг шароитидан, мавжуд жанговар вазиятдан келиб чиққан ҳолда, тезкорлик билан ҳар томонлама асосланган, мустақил қарор қабул қилишга қодир бўлиши шарт", — деб таъкидлаган Ўзбекистон президенти.