Ўзбекистонга АҚШнинг машҳур Смитсон институти мутахассислари ташриф буюрди

АҚШ институти экспертлари 15 январга қадар Маданият, Иқтисодиёт, Ташқи ишлар вазирликларида, Давлат туризм қўмитаси, Хусусий туристик агентликлар ассоциациясида, музей ва таълим муассасаларида қатор учрашувлар ўтказишади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 янв – Sputnik. 7 январь куни Ўзбекистонга АҚШнинг дунёга машҳур Смитсон университети мутахассислари ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабар қилинишича, ташрифдан мақсад, Ўзбекистоннинг маданий-цивилизацион меросини ўрганиш ва илмий туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳани амалга оширишни муҳокама қилишдир.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, АҚШ институти экспертлари 15 январга қадар Маданият, Иқтисодиёт, Ташқи ишлар вазирликларида, Давлат туризм қўмитаси, Хусусий туристик агентликлар ассоциациясида, музей ва таълим муассасаларида қатор учрашувлар ўтказишади. Учрашувларда республика туристик салоҳиятини ривожлантириш салоҳияти ва истиқболлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ўзбекистон туристлар учун тавсия этилувчи энг яхши мамлакатлар рўйхатидан жой олди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган лойиҳа Тошкент ва Хива шаҳарларида илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга қаратилган бўлиб, тадқиқотлар натижаларига кўра ушбу шаҳарларда туризмни янада ривожлантириш борасида институтнинг хулоса ва тавсиялардан иборат ҳисоботи тайёрланади.

Смитсон институти таълим ва илмий-тадқиқот структурасига эга тизим бўлиб, унинг музей мажмуаси дунёдаги энг йирик музейлардан ҳисобланади. Институти таркибига 19 музей, 9 илмий-тадқиқот маркази, зоопарк ҳамда АҚШнинг 45 штати, Пуэрто-Рико ва Панамадаги 200дан ортиқ муассаса ва музейлар киради.

Институт Ўзбекистон музей ва кутубхоналари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. 2011 йилдан буён Ўзбекистонга эксперт ва тадқиқотчиларнинг қатор ташрифлари амалга оширилган.

Маълумотларга қараганда, Смитсон музейларида Ўзбекистоннинг маданий ва цивилизацион мероси билан боғлиқ 1500дан ортиқ ёдгорликлар сақланади.