ТОШКЕНТ, 9 янв – Sputnik. Жанубий Корея тадбиркорлари мактабгача тарбия соҳасида Ўзбекистон билан узвий ҳамкорликни йўлга қўяди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон мактабгача таълим вазири А. Шин Корея Республикаси элчихонаси вакиллари ҳамда кореялик тадбиркорлар билан учрашди.
Учрашувда Корея Республикаси вакиллари мактабгача таълим соҳасида Ўзбекистон билан узвий ҳамкорлик қилишларини билдиришди. Хусусан, Ўзбекистонда болалар боғчалари қуришга кореялик инвесторлар жалб этилиши маълум қилинди.
"Ҳамкорлар мамлакатимизда Корея модели бўйича намунавий болалар боғчалари қуриш истагини билдиришди, шунингдек, Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасалари учун мебель ва инвентарлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди", дейилади хабарда.
Бугунги кунда республикада 4916 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатади. Яқин беш йил ичида янгиланган лойиҳалар бўйича яна 50та болалар боғчаси қуриш мўлжалланган. Шунингдек, бу давр мобайнида 1167 та болалар боғчаси реконструкция қилинади, 983 та боғча эса жорий таъмирланади.