Мирзиёев даъватидан кейин таниқли олим Қаландар Бобожонов Ўзбекистонга қайтди

Олим ўзининг меҳнат фаолияти давомида Лусака (Замбия)даги Университет шифохонасининг Кардиожарроҳлик марказига асос солган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Халқаро тиббиёт доираларида таниқли бўлган кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Қаландар Бобожонов Ватанга қайтиш ва юртдошлари саломатлиги йўлида ўзининг касб фаолиятини давом эттиришга қарор қилди, деб хабар бермоқда "Жаҳон" АА.

Мирзиёев хориждаги ўзбек шифокорларини қайтаришни талаб қилди
Таъкидланишича, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги юртдошларимизни Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга даъват этгани кейинги йиллар давомида Украина тиббиёт фанлари академиясининг Н. Амосов номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги Миллий институтида бош маслаҳатчи бўлиб ишлаётган шифокорнинг ана шундай қарорга келишига сабаб бўлди.

"Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар ҳам юқори малакали мутахассиснинг ушбу қарорига туртки бўлди", — дейилади хабарда.

Бобожонов Ўзбекистонда биринчи бўлиб Фонтен, Глен Биглен операциялари тажрибасини, мураккаб туғма юрак нуқсони ҳолатида артериал жарроҳлик, юрак-ишемик касаллиги бўлгани ҳолатида ишлаб турган юракда аортокоронар шунт ўрнатишни амалиётда қўллаган, яъни алоҳида хизмат кўрсатган шифокордир.

У 2002 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвонига сазовор бўлган.

Олим ўзининг меҳнат фаолияти давомида Лусака (Замбия)даги Университет шифохонасининг Кардиожарроҳлик марказига асос солган.

Чет элда ишлаётган15 нафар шифокор Ўзбекистонга қайтади
Бобожонов у ерда юрак патологияси билан боғлиқ 200 дан зиёд операцияларни бажарган. Хизмат кўрсатган тиббиёт ходими турли патологиялар ҳолатида очиқ юракда ҳаммаси бўлиб 8000 операция ўтказган. Жумладан, митрал ва аортал клапанларни протезлаш, икки клапанли протезлаш, Фалло тетрадаси касаллиги ва бошқа мураккаб туғма нуқсонлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширган.

1986 йили Қ. Бобожонов собиқ иттифоқ олий аттестация комиссияси қарорига биноан, юрак-қон томирлари жарроҳлиги бўйича тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олган. 2004 йили эса Украина олий аттестация комиссияси қарорига биноан, юрак-қон томирлари жарроҳлиги бўйича тиббиёт фанлари доктори бўлган.

У олти нафар фан номзодини ҳамда бир нафар фан докторини тайёрлаган.