Ким Чен Ин "ўтмишни ковламасдан" Жануб билан алоқаларни яхшилашни буюрди

Ким Чен Иннинг фикрича, икки мамлакат ярашуви - бу корейс миллатининг ички масаласи, шу боис, Пхеньян ва Сеул бошқа давлатларга ёрдам сўраб мурожаат қилмаслиги даркор
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. КХДР етакчиси Ким Чен Ин Жанубий Корея билан муносабатларни яхшилаш учун шарт-шароитлар яратилиши зарурлиги ҳақида баёнот қилди, деб хабар бермоқда Корея марказий телеграф агентлиги.

Путин Шимолий Корея ва АҚШ "айтишуви" ҳақида: бу спирални тўхтатиш керак
"Шимол ва Жануб ўтмиш билан боғланиб қолиши керак эмас. Ўртадаги муносабатларни яхшилаш, Жануб ва Шимол қўшилиши масаласида илғор қадамларни қўйиш шарт", — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу ерда гап Пхеньян ва Сеул ўртасидаги муносабатлар нормаллашуви ҳақидагина эмас, балки миллат ярашуви ва бирикиши ҳақида ҳам бормоқда.

Ушбу йўналишда иккиёқлама ҳаракатлар орқалигина натижага эришиш мумкин, деб қайд қилинган баёнотда.

Шу билан бирга, Ким Чен Иннинг фикрича, икки мамлакат ярашуви — бу корейс миллатининг ички масаласи, шу боис, Пхеньян ва Сеул бошқа давлатларга ёрдам сўраб мурожаат қилмаслиги даркор.

Сўнгги хабарларга кўра, КХДР Жанубий Корея билан олий даражадаги музокараларни ўтказиш учун делегация таркибини тасдиқлаган.

Жанубий Корея сал олдин ушбу учрашувга Миллий бирлашув масалалари бўйича вазир Чо Мён Гун бошчилигидаги музокарачиларни юборишини маълум қилган эди.

Жанубий Корея КХДРга олий даражада музокаралар ўтказишни таклиф этди
Бунга жавобан Пхеньян ҳам музокаларга Ватанни тинч йўл билан бирлаштириш қўмитаси раиси Ли Сон Гвон бошчилигида беш кишидан иборат делегацияни юборишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Янги йил байрами муносабати билан қилган чиқишида КХДР етакчиси Ким Чен Ин шимолий кореялик спортчилар Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Бу Жанубий Корея томонидан олқишланди. Икки мамлакат иккиёқлама муносабатлар ва шимолий кореялик спортчиларнинг Олимпиадада иштироки масаласини муҳокама қилиш учун 9 январ куни олий даражадаги музокараларни ўтказишга келишиб олди. Музокаралар икки мамлакат ўртасидаги делимитация қилинган ҳудуд — Пханмунж зонасида ўтказилади.