Мирзиёев: ҳар бир тизимдаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак

2018 йил 3 январь куни Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 3 январь куни Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Мирзиёев: онани рози қилишга ҳаракат қилсак, ҳамма ишимиз ўнгидан келади

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ҳамда Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплексининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2018 йилга мўлжалланган режалари ва энг устувор вазифалари муҳокама этилди.

Шавкат Мирзиёев кун тартибидаги масалага танқидий ёндашиб, аксарият ташкилотлар ўз фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил эта олмаётгани, қабул қилинган қарор ва дастурларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади.

"Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак. Бунинг учун қуйи бўғиндаги ишлар самарадорлигини ошириш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш барча раҳбар ва мутасаддилар фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур" — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни билан бирга республикани ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар олдида турган муҳим вазифалари ҳақида сўз юритилди. Амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан ахборотлар тингланди.

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлардаги элчиларга алоҳида топшириқ берди

Жумладан, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, мактаб таълими сифатини ошириш, тест синовлари ва олий ўқув юртлари фаолиятини такомиллаштириш, спортчиларнинг бўлғуси мусобақаларга тайёрлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.