ТОШКЕНТ, 2 янв — Sputnik. Туркманистонда 2018 йилнинг январ ойидан бошлаб қора рангдаги автомобиллар бошқаруви таъқиқланди, деб хабар қилмоқда "Хроника Туркменистана" нашри.
Жорий этилган янги талаблар туфайли автосервисларда автомобилларни қайта бўяш хизматлари нархи икки баробарга ошган. Агар илгари машинани бўятиш 500 доллар турган бўлса, ҳозирда бу 1000 долларга тушмоқда.
Туркманистон ҳукумати ушбу таъқиқ сабабларини изоҳлай олгани йўқ, деб ёзган нашр. Саволлар ва эътирозларга улар фақатгина "оқ рангдаги машиналарни харид қилиш керак, чунки оқ ранг омад келтиради", — дея жавоб қайтаришаётгани маълум.
Нашр шунингдек, оқ ранг — иримларга ишонадиган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг севимли ранги эканлигини келтириб ўтган.