Айрим йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қамоқ жазоси киритилмоқда

© Sputnik / Бахром ХатамовЗа рулем автомобиля
За рулем автомобиля - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.11.2026
Oбуна бўлиш
Маст ҳолда машина бошқариш ёки вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бериш учун қамоқ жазоси жорий этилмоқда.
ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Айрим йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қамоқ жазоси жорий этилмоқда.
Бугун Сенатнинг 21-ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Унда қуйидаги ўзгаришлар киритилган:

Маст ҳолда транспорт воситасини такроран бошқарганлик учун бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. 2024 йилда бундай 11 994 та, 2025 йилда эса 13 521 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган.
Вояга етмаганларга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилса, турли жазолар, жумладан, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш, одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар юз берганда эса уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилмоқда. Маъмурий тартибда эса 50 БҲМ жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўллаш жазоси белгиланмоқда. 2025 йилда 14 ёш ва ундан кичик ёшдаги шахслар иштирокида 168 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Тезликни оширганлик учун жарималар оширилмоқда. Хусусан 40 километрдан ортиқ оширганлик учун 25 БҲМ, 60 километрдан ортиқ оширганлик учун 45 БҲМгача жарима, 80 километрдан ортиқ оширганлик учун эса 65 БҲМ жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойга маҳрум қилиш белгиланмоқда. 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида тезликни соатига 40–60 километрга ошириш билан боғлиқ 19 719 та ҳолат қайд этилган.
Йўл безорилиги ва ноқонуний автомобиль пойгалари ва бошқа транспорт воситаларига тўсқинлик қилгани учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда. 2025 йилда 604 та, 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида 572 та йўл безорилиги билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик қайд этилган.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг мақсади фақат жазоларни кучайтириш эмас, балки хавфли қоидабузарликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар масъулиятини ошириш ва энг муҳими, йўлларда инсонлар ҳаётини асрашдан иборат.
Янгиликлар лентаси
0