Озарбайжон Арманистоннинг янги Конституцияси лойиҳасини тинчлик сари қадам деб баҳолади

© Sputnik АрменияГерб Армении. Архивное фото
Герб Армении. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.11.2026
Oбуна бўлиш
Арманистоннинг янги Конституцияси лойиҳасидан миллий рамзлар — Арарат тоғи ва Нуҳ кемаси тавсифи ҳамда Усмонийлар империясидаги арманлар геноциди қайд этилган декларацияга ҳавола чиқарилди
ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Арманистонда янги Конституция лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатдан Қорабоққа оид ҳавола ҳамда Арарат тоғи ва Нуҳ кемаси тасвирланган давлат гербининг тавсифи чиқариб ташланган. Бу ҳақда Sputnik Арманистон хабар берди.
Амалдаги Конституцияга кўра, Арманистон давлат гербининг марказида Нуҳ кемаси билан Арарат тоғи ҳамда тарихий Арманистоннинг тўртта подшолиги герблари тасвирланган.
Янги Конституция лойиҳасида эса давлат герби, байроғи ва мадҳияси референдум орқали қабул қилинадиган қонун билан белгиланиши назарда тутилган.
Шунингдек, ҳужжат муқаддимасидан Арманистоннинг 1990 йилги Мустақиллик декларациясига ҳавола олиб ташланган. Мазкур декларацияда Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг бирлашиши ҳамда 1915 йилда Усмонийлар империясида содир бўлган арманлар геноцидининг халқаро миқёсда тан олиниши ҳақида сўз боради.
Озарбайжоннинг муносабати
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Арманистоннинг янги Конституцияси лойиҳасида Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволар мавжуд эмаслигини ижобий баҳолади, деб хабар бермоқда Sputnik Озарбайжон.
Унинг сўзларига кўра, Конституция билан боғлиқ масала ҳал этилгач, икки мамлакат ўртасида тинчлик битимини имзолаш учун бошқа тўсиқлар қолмайди.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам янги Конституция қабул қилинганидан сўнг Озарбайжон билан тинчлик битими имзоланиши ва ратификация қилинишини маълум қилди.
Мухолифат бунга қарши
Янги Конституция лойиҳасини референдумга олиб чиқиш учун парламентнинг 105 нафар депутатидан камида 70 нафари уни қўллаб-қувватлаши керак. Пашиняннинг ҳукмрон партияси эса 64 та мандатга эга.
Мухолифат вакиллари таклиф этилаётган Конституцияга қарши чиқиб, мамлакат Асосий қонуни хорижий давлатлар талаби билан ўзгартирилмаслиги кераклигини таъкидламоқда.
Пашинян эса фуқаролар референдумда янги Конституцияни қўллаб-қувватламаса, истеъфога чиқишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил август ойида Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик битими дастлабки тарзда имзоланган эди. Арманистон Конституциясидан ҳудудий даъволарга оид ҳаволани чиқариб ташлаш Бокунинг тинчлик битимини якуний имзолаш учун асосий шартларидан бири бўлиб келмоқда.
Премьер-министр Никол Пашинян во время пресс-конференции (22 мая 2023). Еревaн - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.05.2023
Пашинян Қорабоғни Озарбайжон таркибида тан олиш шартини айтди
Янгиликлар лентаси
0