Кумушдан олтинга: ўзбекистонлик талаба Россияда кончилик олимпиадасида қандай ғолиб бўлди

© Пресс-служба НИТУ МИСИСОт серебра к золоту: как студент из Алмалыка стал первым в горном деле
От серебра к золоту: как студент из Алмалыка стал первым в горном деле - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.10.2026
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
МИСИС Фан ва технологиялар университети Олмалиқ филиали талабаси Даниил Ермаков "Мен — профессионалман" олимпиадасининг "Кончилик иши" йўналиши бўйича иккинчи марта шоҳсупага кўтарилди.
Бир йил аввал олимпиадада кумуш медаль олган Даниил Ермаков бу сафар финалга пешқадамдан уч балл ортда қолган ҳолда кирди. Аммо ҳал қилувчи босқичда фарқни нафақат йўққа чиқарди, балки рақибидан тўрт баллга ўзиб кетди.
У Sputnik Ўзбекистон мухбирига учувчи бўлиш орзусидан кончиликкача босиб ўтган йўли, олимпиадага тайёргарлиги ва олтин медаль қандай имкониятлар очгани ҳақида сўзлаб берди.
— Даниил, аввало, ўқувчиларимизга кончилик соҳасига қандай қизиқиб қолганингиз ва нима учун айнан МИСИС университетининг Олмалиқ филиалини танлаганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Мен Ўзбекистонда туғилганман, лекин тўғрисини айтсам, болалигимдан кончилик соҳасига киришни мақсад қилмаганман. Аксинча, узоқ вақт учувчи бўлишни орзу қилганман. Шунинг учун кончилик йўналишини танлашим кейинчалик шаклланган касбий йўлим бўлди.
© Пресс-служба НИТУ МИСИСОт серебра к золоту: как студент из Алмалыка стал первым в горном деле
От серебра к золоту: как студент из Алмалыка стал первым в горном деле - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.10.2026
От серебра к золоту: как студент из Алмалыка стал первым в горном деле
Олмалиқ — саноат шаҳри, шу боис бу ерда кончилик ва металлургия дарсликдаги мавҳум фанлар эмас, балки минтақа иқтисодиёти ва ҳаётининг улкан бир қисми эканига доимо гувоҳ бўласан.
"МИСИС" МТТУнинг Олмалиқ филиали мантиқий танлов бўлиб чиқди, чунки бу ерда кучли муҳандислик мактаби ҳамда реал ишлаб чиқариш билан узвий алоқа мавжуд.
Ўқиш, амалиёт ва соҳага оид тадбирларда иштирок этиш жараёнидаёқ бу йўналишга чуқурроқ кириб бора бошладим ва айнан шу соҳада янада ривожланиш мен учун ҳақиқатан ҳам қизиқ эканини англадим.
— “Мен — профессионалман” олимпиадасида иштирок этишга қарор қилган пайтингизни эслай оласизми?
— Олий ўқув юртидаги баҳолар дастурни қанчалик яхши ўзлаштирганингни кўрсатади, лекин бошқа университетлардаги талабалар фонида қандай кўринишинг ҳақидаги саволга ҳар доим ҳам жавоб беравермайди. Мен эса билим ва ёндашувларим кенгроқ доирада қанчалик рақобатбардош эканини билишни хоҳлардим.
Шунингдек, олимпиада форматининг ўзи ҳам мени қизиқтириб қўйди: бу ерда нафақат назарияни билиш, балки уни мураккаб муҳандислик масалаларида қўллай олиш ҳам муҳим. Карьера имкониятлари, амалиётлар ва мукофотлар ҳам қизиқ, албатта, аммо дастлаб бу мен учун ўзига хос касбий синов эди.
— 2025 йилда “Кончилик иши” йўналиши бўйича кумуш медални қўлга киритдингиз. Ўша илк тажриба сизга нима берди?
— Мен учун шунчаки яхши иштирок этиш эмас, балки ўзимни аввал ҳам совриндор бўлган ва юқори натижалар кўрсатган иштирокчилар билан таққослаб кўриш қизиқ эди.
Мен аввал совриндор бўлган иштирокчилардан ўзиб кета оламанми ва бунинг учун менга нима етишмаётганини тушунишни истардим. Кумуш медаль жуда муҳим ҳисни берди: мен ҳақиқатан ҳам энг кучлилар қаторидаман ва бундан-да юқорироқ натижа учун кураша оламан.
Шу билан бирга, у энг яхши натижага етишиш учун ҳали ишлаш кераклигини ҳам кўрсатди. Шундан сўнг нималар устида ишлаш кераклигини анча хотиржам ва аниқроқ тушуниб олдим: қаерда чуқур билим, қаерда амалиёт ва қаерда ўз қароримга ишонч етишмаганини англадим.
— 2025 йилги “кумуш” ва 2026 йилги “олтин” орасида нақ бир йил бор. Тайёргарлик жараёнингизда нималар ўзгарди?
— Тайёргарликка тизимлироқ ёндаша бошладим. Мутахассислик фанларини, айниқса, ер ости геотехнологияси билан боғлиқ фанларни такрорладим, аммо фақат назария билан чекланиб қолмадим. Кўплаб чемпионатларда иштирок этганим катта роль ўйнади: ишлаб чиқаришга оид турли масалаларни қанчалик кўп таҳлил қилсанг, янги вазиятда қўллай оладиган ёндашувларинг доираси шунчалик кенгайиб боради.
Бундан ташқари, ўтган мавсумлардаги топшириқларни ва аввал медаль соҳиби бўлган иштирокчиларнинг чиқишларини батафсил таҳлил қилиб чиқдим. Мен учун шунчаки тайёр ечимни кўриб чиқиш эмас, балки иштирокчи нима сабабдан айнан шундай йўлни танлаганини, ечимнинг кучли томони нимада эканини ва нимани бошқачароқ қилиш мумкин бўлганини тушуниш муҳим эди.
Фаол тайёргарлик бир неча ҳафта давом этди, лекин амалда ўқиш ва бошқа мусобақаларда қатнашиш давомида аста-секин тўпланиб борган билимлар базаси қўл келди. Менинг тайёргарлик формулам жуда оддий: амалиёт қанчалик кўп бўлса, нотаниш масалани ечишда вариантларинг ҳам шунчалик кўп бўлади.
— Барчасини ташлаб кетишни истаган ёки натижага шубҳа қилган пайтларингиз бўлдими?
— Ҳаммасини ташлаб кетиш истаги бўлмади-ю, лекин 2026 йилда босим жуда юқори эди. Бу мен учун амалда сўнгги имконият эди. Ўқишим тугаётганди ва мен учун бошқа бундай мавсум бўлмаслигини тушуниб турардим.
Бу, айниқса, ярим финалдан кейин кучлироқ сезилди. Ўша босқичда пешқадамдан уч балл ортда қолаётгандим. Албатта, бу босимни янада оширарди. Мақсад яқинлигини, лекин яна бир бор уриниб кўришга вақт қолмаганини англаб турардим.
Финалда аввалги фарқ ҳақида умуман ўйламасликка ҳаракат қилдим ва бор эътиборимни фақат топшириқнинг ўзига қаратдим. Натижада нафақат ўша уч баллик фарқни йўққа чиқаришга, балки тўрт балл олдинга ўтиб олишга ҳам муваффақ бўлдим. Эҳтимол, бу мен учун энг муҳим лаҳзалардан бири бўлгандир. Бу оддий бир ҳақиқатни исботлади: оралиқ босқичдан сўнг биринчи ўринда бўлмасанг ҳам, якуний натижа ҳали олдиндан ҳал бўлган дегани эмас.
— Олтин медаль — бу шунчаки мақом эмас. У сизга қандай аниқ имкониятлар эшигини очди?
— Олимпиада ҳақиқатан ҳам кўплаб имкониятларни тақдим этади: пул мукофотлари, таълимнинг кейинги босқичига киришда имтиёзлар, амалиётлар, карьера тадбирлари, таълим дастурлари ва саёҳатлар шулар жумласидан.
Бироқ шахсан мен учун олтин медалнинг қадри фақатгина битта бонус билан чекланиб қолмайди. Пул мукофоти — ёқимли, имтиёзлар ва карьера имкониятлари эса фойдали, аммо энг узоқ муддатли самараси, назаримда, бошқа нарсада. Инсон профессионал муҳитга тушади, у ерда олимпиадада иштирок этишдан олдин ҳатто хаёлига ҳам келмаган янги алоқалар, тадбирлар, сафарлар ва имкониятлар пайдо бўлади.
Шу боис мен учун олтин медаль — якуний нуқта эмас, балки касбий имкониятларнинг янги босқичидир.
— Олимпиада сизнинг касбий йўналишингизга қандай таъсир кўрсатди?
— У умуман муҳандисларни тайёрлашга бўлган муносабатимни тубдан ўзгартириб юборди. Бўлажак мутахассис учун шунчаки формулаларни билиш ва маъруза материалини такрорлай олишнинг ўзи етарли эмас. Муҳандис доимо тайёр алгоритми бўлмаган, баъзан эса ягона тўғри жавоби ҳам мавжуд бўлмаган масалаларга дуч келади.
Шунинг учун мен амалий вазифаларни, қарорларни асослаб бериш ва бир нечта вариантни ўзаро таққослаш заруратини кўпроқ қадрлай бошладим. Олимпиада нафақат назарияни билиш, балки мавҳумлик шароитида ишлай олиш ҳам ҳақиқатан муҳим эканлигини яққол кўрсатиб беради.
Бу карьера режаларимга ҳам таъсир қилди. Мен тоғ-кон саноатидаги имкониятларга кенгроқ қарай бошладим — уни фақатгина бевосита ишлаб чиқаришдаги меҳнат деб эмас, балки илмий, таълим ва лойиҳалаштириш фаолияти сифатида ҳам кўра олдим.
— Сиз олимпиадада Ўзбекистон ва Олмалиқ филиали шарафини ҳимоя қилдингиз. Шу сабабли ўзингизда қўшимча масъулият ҳис қилдингизми?
— Фақат ўз номингдан иштирок этганингда, натижани қабул қилиш осонроқ бўлади. Аммо бир вақтнинг ўзида ҳам Олмалиқ филиали, ҳам Ўзбекистон номидан қатнашаётганингни англасанг, қўшимча мотивация пайдо бўлади.
Мен учун кучли мутахассисни нафақат бош университетда, балки хорижий филиалда ҳам тайёрлаш мумкинлигини, шунингдек, ўзбекистонлик талаба Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари иштирокчилари билан тенгма-тенг рақобатлаша олишини кўрсатиш муҳим эди.
Олтин медалдан сўнг бу туйғу янада кучайди. Эндиликда натижа нафақат шахсий ютуқ, балки мен таҳсил олган таълим муҳити даражасининг кўрсаткичи сифатида ҳам қабул қилинмоқда.
— Олимпиадада ҳали иштирок этиб кўрмаган талабага нима деган бўлардингиз: нега киши ўзини синаб кўриши керак?
— Олимпиадада қатнашиш одатий ўқиш бера олмайдиган тажрибани тақдим этади. Бошқа олийгоҳлардаги талабалар фонида ўзингнинг ҳақиқий даражангни тушуниб етасан ва ҳозирча сенга нима етишмаётганини кўра оласан. Бунинг ўзиёқ жуда фойдали.
Ундан кейин эса — ўқув машғулотларига ўхшамайдиган мураккаб касбий масалаларни ечиш тажрибаси. Шунингдек, янги имкониятлар: амалиётлар, карьера тадбирлари, фойдали алоқалар ва сафарлар.
Аммо энг муҳими — биринчи мақсадни "ғалаба қозониш" деб белгиламаслик керак. Ўзига бўлган ишонч, одатда, бир неча марта уриниб кўриб, хато қилиб, хатоларни таҳлил қилгандан ва янада кучлироқ бўлгандан кейингина пайдо бўлади.
Энг ёмон ҳолатда, мураккаб масалани ечиш тажрибасига эга бўласан — бунинг ўзи ҳам катта гап. Энг яхши ҳолатда эса унга янги имкониятлар ва медаль қўшилади. Агар умуман уриниб кўрилмаса, натижа олдиндан маълум — ҳеч нарса ўзгармайди.
© Пресс-служба НИТУ МИСИСОт серебра к золоту: как студент из Алмалыка стал первым в горном деле
От серебра к золоту: как студент из Алмалыка стал первым в горном деле - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.10.2026
От серебра к золоту: как студент из Алмалыка стал первым в горном деле
Янгиликлар лентаси
0