Видеони охиригача кўришга ундайдиган усуллар — маъруза

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Нима учун томошабин баъзи видеоларни сақлаб қўяди ёки дўстилари билан бўлишади — SputnikPRO маърузасидан асосий усуллар.
ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. YouTube’да атиги бир кунда пайдо бўладиган барча контентни тўхтовсиз кўриб чиқиш учун одамга 82 йил керак бўлади. Агар барча йирик платформалардаги постларни бир вақтда қамраб олишга ҳаракат қилинса, бу муддат 30 минг йилга етади.
Контент чексиз кўпайиб бораётган дунёда ахборот эмас, балки эътибор энг катта тақчилликка айланмоқда.
Томошабин видеони ўтказиб юбормаслиги, уни охиригача кўриши, сақлаб қўйиши ёки дўстига юбориши учун нима қилиш керак? Бу ҳақда Тошкентдаги Халқаро ижтимоий инновациялар университетида (IUSI) бўлиб ўтган SputnikPRO учрашувида “Россия сегодня” медиа гуруҳининг Видео ишлаб чиқариш дирекцияси контентни тарғиб қилиш бўлими бошлиғи Полина Голубева гапириб берди.
Одамни видеоларни тинимсиз варақлашдан тўхташга нима мажбурлайди? Полина қуйидагиларни тавсия қилади:
1. “Хук”дан (илмоқ) бошланг. Биринчи кадр ва дастлабки сўзларданоқ томошабинда контентни кўришда давом этиш учун сабаб пайдо бўлиши керак. Бу кутилмаган факт, зиддият, савол ёки ёрқин визуал ҳаракат бўлиши мумкин. Агар барча жавобни дарҳол ошкор қилсангиз, қизиқиш сўнади: очиқ қолган савол эса, аксинча, мияни давомини излашга ундайди.
“Бирор нарсани кўриш учун тўхтаганимизда, онгсиз равишда ўзимизга бир нечта савол берамиз. Балки бу видео мен ҳақимдадир? Балки кейин нима бўлиши қизиқдир? Балки буни кўриб қандайдир фойда оларман? Балки уни кимгадир юбораман? Эҳтимол, бу сиз ўзингизни эҳтиёт қилишни хоҳлайдиган бирор ҳайратга солувчи видеодир? Балки буларнинг ҳаммаси биргалашиб бўлар”– деди маърузачи.
2. Томошабинга ҳис-туйғу улашинг. Қизиқиш, ҳайрат, хавотир, ғазаб, завқ каби кучли ҳиссий реакциялар контентнинг эътиборга тушиши ва улашилиши эҳтимолини оширади. Аммо бутун стратегияни салбийликка асосланиб қуриш хавфли: аудитория тинимсиз тажовуз оқимидан тез чарчайди.
“Салбий ҳис-туйғуларга таяниб атиги 3 ҳафта чидаш мумкинлиги, шундан сўнг фойдаланувчи руҳан чарчаб, ҳаммасини шунчаки архивга ташлаб қўйиши ҳақида тадқиқотлар бўлган” ,– ўртоқлашди Голубева.
3. “Бу мен ҳақимда экан”– деб, одам видеода ўзини таний олгандагина энг яхши самара пайдо бўлади. Киши бундай контентни сақлаб қўйишни ёки худди шундай вазиятга тушадиган танишига юборишни хоҳлайди.
4. Фойда келтиринг ёки ваъда қилинг. Томошабин сарфлаган вақти эвазига нимага эга бўлишини тушуниши керак: билим, маслаҳат, маблағ тежаш, пул топиш ёки муаммони ҳал қилиш усули.
5. Ҳаммасини бирданига айтманг. Яхши сторителлинг: “Кейин нима бўлар экан?”, – деган саволга ўрин қолдиради. Айнан шу сабабли иғвога бой, давоми кутилмаган ва бир нечта маъно билан илгаклари бор форматлар яхши самара беради.
6. Диққатни қайта жалб қилинг. Динамик монтаж, кадрлар алмашинуви, графика ва визуал урғулар томошабин эътиборини ушлаб туришга ёрдам беради. Маърузачининг таъкидлашича, бундай монтаж айнан эътиборни мунтазам равишда видеороликка қайтариш учун зарур.
7. Видеони улашишлари ҳақида ўйланг. Вирал контент ижтимоий қийматга эга бўлиши — одамда дўстига: “Худди сен-а”, “Буни кўрдингми?” ёки “Сен ҳам шундай қилиб кўр”,– дейишга иштиёқ уйғотиши керак. Айнан шу лаҳзада оддий томоша қилиш контентни тарқатишга айланади.
Шу билан бирга, Полина Голубеванинг сўзларига кўра, оммалашишнинг универсал формуласи мавжуд эмас. Контент яратувчилар доимий равишда турли форматларни синаб кўришларига, трендлар ва шов-шувли мавзуларни кузатиб боришларига, зиддият ҳамда эътиборни ушлаб қолишнинг янги усулларини излашларига тўғри келади.
Янгиликлар лентаси
0