Янги Тошкент: Мирзиёев қурилиш бўйича янги чораларни маълум қилди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.10.2026
Oбуна бўлиш
Янги Тошкентда инфратузилма тўловининг базавий ставкаси 10 бараваргача камайтирилади.
ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди.
Маълум қилинишича, ҳозирга қадар Янги Тошкентга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилди. Шу билан бирга, қурилишга хусусий секторни жалб этиш суръатлари мавжуд имкониятларга мос эмаслиги қайд этилди.

Янги шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Янги аэропорт билан бирга ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини 200 миллиард долларгача етказиш мумкин.

Ҳозир минг гектардан ортиқ майдонда асосан давлат маблағи ҳисобидан қурилиш кетмоқда. Тадбиркорларга эса бор-йўғи 94 гектар ер ажратилган.
Президент Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмаслигини қайд этди.
Бу ер замонавий бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши керак.
Янги Тошкент бўйича маълум қилинган асосий маълумотлар:
Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Янги шаҳарда ФИФА талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилмоқда. У келаси йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий ареналаридан бири бўлади.
Ҳозир Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари енгил конструкцияли биноларда ишламоқда. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 2,6 минг нафар ходими учун 9 та бино қуриляпти.
Бош вазирга қолган вазирликлар ва давлат ташкилотларининг ҳам Янги Тошкентга кўчишини бошлаш топширилди.
Очиқ ташаббус ва “Swiss challenge” тамойили асосида ер ажратиш амалиёти йўлга қўйилади. Ташаббус очиқ эълон қилинади. Агар бошқалар яхшироқ шарт таклиф этмаса, ер биринчи ташаббускорга ажратилади.
Янги Тошкентда инфратузилма тўловининг базавий ставкаси савдо, сервис ва бизнес марказлари учун 3 баравар, меҳмонхона ва туризм объектлари учун 5 баравар, маданий ҳамда кўнгилочар масканлар учун 10 баравар камайтирилади. Хусусий боғча, мактаб ва шифохоналар учун тўлов 1 фоиз этиб белгиланади.
Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган нотурар жой лойиҳалари учун "яшил" сертификат харажатлари давлат томонидан тўлиқ қопланади.
Қиймати 50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага масъул бириктирилади.
“50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага – битта инвестиция битими” тамойили амал қилади. Битимда инвесторнинг мажбуриятлари ва таваккалчилиги ҳисобга олиниб, унга мос имтиёзлар пакети белгиланади.
Янги Тошкентдан пойтахтнинг ҳар бир туманига 100 гектардан ҳудуд бириктирилди. Энди туман ҳокимлари ўз тадбиркорлари билан ишлаб, янги лойиҳаларни шу майдонларга олиб келиши керак.
Мирзиёев Янги Тошкент бутун мамлакат ишбилармонлари учун янги имконият майдонига айланиши лозимлигини таъкидлади.
Янги Тошкент қандай бўлади ва Ўзбекистон қурилиш соҳасини нималар кутмоқда  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.02.2026
Янги Тошкент қандай бўлади ва Ўзбекистон қурилиш соҳасини нима кутмоқда
Янгиликлар лентаси
0