Шавкат Мирзиёев МДҲда ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди
14:37 09.10.2026 (янгиланди: 14:43 09.10.2026)

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, позицияларни тез-тез уйғунлаштириб бориш айниқса муҳим, деди Шавкат Мирзиёев.
ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Туркманистоннинг "Аваза" миллий сайёҳлик зонасида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида иштирок этди.
Ўз нутқида президент давлат раҳбарларини Ҳамдўстликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, юз бераётган ўзгаришларга қарамай, мамлакатларимиз ва халқларимизни яқин инсоний муносабатлар, умумий тарих ва ҳамкорликнинг улкан салоҳияти боғлаб келаётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев на саммите СНГ
© Пресс-служба президента Узбекистана
Ўзбекистон президенти тўхталиб ўтган асосий мавзулар:
Иқтисодий интеграция ва ишлаб чиқариш кооперацияси барқарорлик ва тараққиётнинг асосий пойдеворларидан бири бўлиб қолмоқда. Савдо-инвестициявий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш, оддий товар айирбошлашдан қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини биргаликда яратишга босқичма-босқич ўтиш зарур.
Техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олинишини таъминлаш ва давлат харидларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали Эркин савдо зонасининг чекловларсиз тўлиқ фаолият юритишини таъминлаш зарур.
Озиқ-овқат хавфсизлиги. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича давлат харидлари соҳасида ўзаро бозор очишни кенгайтириш тўғрисидаги битим ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини тез фурсатда келишиб олиш ва тасдиқлаш мақсадга мувофиқ. Озиқ-овқат ва ўғитлар экспортига чекловлар киритишдан олдин ўзаро хабардор қилиш ва маслаҳатлашиш механизмини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Саноат ҳамкорлиги. Саноат соҳасида имкониятларни бирлаштириш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бизнес вакилларининг ҳамкорликда ишлашдан манфаатдорлиги юқори экани, буни янада ривожлантириш мақсадида махсус иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харитаси” тез фурсатда келишиб олиниши зарурлиги қайд этилди.
Транспорт боғлиқлик. Ўзбекистон интеграциялашган логистика марказларини ташкил этиш, транзит харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, юк ташиш қоидаларини бирхиллаштириш ҳамда МДҲда ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш тарафдори.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасида яқин ўн йилликларга мўлжалланган узоқ муддатли прогнозга эҳтиёж юқори. Бу эса энергиянинг мавсумий ортиқчалиги ва тақчиллиги қаерда ва қачон юзага келиши, қайси тармоқларни ривожлантириш зарурлиги ҳамда гидроэнергетика, иссиқлик генерацияси ва қайта тикланувчи манбаларни қандай қилиб энг самарали тарзда уйғунлаштириш мумкинлиги ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Иқлим ўзгариши. Бу борада мувофиқлаштирилган ва амалий қарорлар зарур. Биз кам углеродли технологияларни жадал жорий этиш ва ёпиқ циклдаги ишлаб чиқаришларни ривожлантириш тарафдоримиз, – деди Шавкат Мирзёиев. Саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун МДҲнинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва айланма иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Маданий-гуманитар алоқаларҲамдўстлик мамлакатлари ва халқлари ўртасида ўзаро англашув ва ишончни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Кибержиноятчилик муаммоси. Ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган фирибгарлик аллақачон фуқаролар ва бизнесга жиддий зарар етказмоқда, мамлакатларимиз молия тизимларининг барқарор ишлашига хавф туғдирмоқда. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлари кенгашига қисқа муддатда трансчегаравий кибержиноятлар ва фирибгарлик схемаларига тезкор жавоб бериш учун МДҲ Қўшма алоқа марказини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишни топшириш таклиф этилди.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Ўзбекистон келгуси йили МДҲга раисликни қабул қилишга ва Ҳамдўстликни ривожлантириш учун яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Саммитда Туркманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон президентлари ва Арманистон бош вазири ҳамда МДҲ бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.