Маданият бирлаштиради: Кремлда “Янги Ўзбекистон шуъласи” концерти бўлиб ўтди

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Концертда ўзбек мусиқа мероси, миллий хореография ҳамда Россия ва жаҳон классика дурдоналари мужассамлашди.
ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. Москвадаги Давлат Кремль саройида “Янги Ўзбекистон шуъласи” деб номланган концерт катта муваффақият билан бўлиб ўтди. Бу концерт республика мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган бўлиб Россияда ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунларининг марказий воқеасига айланди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Тадбирда Россия маданият вазири Ольга Любимова, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда дипломатлар ва санъат арбоблари иштирок этди.
Любимова Россияда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш эзгу анъанага айланганини таъкидлади.
“Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ва дўстларимизни мамнуният билан кутиб оламиз. Ўзбекистон маданияти кунлари эса, аслида, ажойиб ва азалий бир анъанадир. Эътиборлиси, ушбу тадбирлар мамлакатимизнинг бош саҳнасида бўлиб ўтмоқда ва беш минг кишилик зал ҳар йили деярли тўла бўлади, унга турли ёшдаги ҳамда авлодга мансуб жуда кўп одамлар ташриф буюради. Бу биз учун ҳам ниҳоятда қадрли, чунки бу бизнинг ҳам анъанамиздир”, — деди у концерт олдидан.
Назарбековнинг сўзларига кўра, бундай тадбирлар ҳеч қачон рус қўшиқларисиз ўтмайди. Маданиятларнинг бир-бирига таъсири бор.
“Шунинг учун ҳам биз бир-биримизни яхши тушунамиз”, — деди Ўзбекистон маданият вазири.
Дарҳақиқат, дастурда Ўзбекистон мусиқа мероси, миллий анъанавий санъат ҳамда жаҳон ва Россия мусиқа маданияти намуналари уйғунлашди.
Мусиқий жўрликни Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри таъминлади. Хореографик чиқишларни эса Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли тақдим этди.
Концерт Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Концертнинг ёрқин лавҳаларини Sputnik видеосида томоша қилинг.
Янгиликлар лентаси
0