Тоғ этакларида рус тили: ғазалкентлик ўқитувчи ҳикояси
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Зулхумор Нарметова ҳар куни Тошкент яқинидаги кичик шаҳарча ёшларига рус тилини ўргатади. Унинг ўқувчилари Россия олимпиадалари ва танловларида иштирок этиб келмоқда, ўзи эса Россиянинг кўплаб диплом ва сертификатларига эга.
Ғазалкент тоғлар билан ўралган. Бир вақтлар бу ернинг кўчаларида рус тили болалар кулгиси каби жуда кўп янграрди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 2-сонли техникум ўқитувчиси Зулхумор Нарметова бу даврни жуда яхши эслайди.
Унинг болалиги кўп миллатли, гавжум ва иноқ Лермонтов номидаги кўчада ўтган. Атрофда ўзбек, қозоқ, тожик, немис, корейс ва руслар ёнма-ён яшарди... Болалар бирга ўйнаб, ўзаро рус тилида гаплашишарди.
“Ғазалкент анча кенгайди, шунга қарамай, Бўстонлиқ тумани жуда кўп миллатли ҳудудлигича қолмоқда. Кўплаб миллат вакиллари яшайди ва ҳамма ўзаро дўст. Бизда қозоқ, тожик мактаблари бор, албатта рус тилида ўқитиш ҳам бор”, — дейди у.
Аммо атрофда русча нутқ камайиб қолди. Буни Зулхумор Икромовна афсус билан қайд этади. Унинг ўзи рус тилида эркин гапиришни, энг аввало, кўчада — дўстлари билан суҳбатларда, ўйинларда, кундалик ҳаётда ўрганган. Ҳозирги болаларда эса бундай муҳит деярли йўқ.
“Менимча, мулоқотнинг камлиги халақит беряпти. Буни тан олишимиз керак, мулоқот кам. Мен ўқувчилларимга доим дейман: “Гаплашаверинглар, уялманглар, мен билан рус тилида гаплашинглар”, — дейди ўқитувчи.
Дарсларда ўқитувчи ўқувчилардан хато қилишдан қўрқмасликни сўрайди: гапиришни, уриниб кўришни, саволлар беришни. Баъзан уларнинг русчаси ҳозирча ғализ, сўзлар қийинчилик билан айтилади. Лекин ўқитувчи уларга ҳатто жасорати учун ҳам беш баҳо қўяди. Чунки у билади: тил айнан шу биринчи уринишдан бошланади.
Зулхумор Нарметова рус тилига бўлган муҳаббатини мактабдаги ўқитувчиси Клара Григорьевна Дьячок билан ҳам боғлайди. Унинг дарслари, ҳозирги тилда айтганда, интерактив ва қизиқарли ўтарди.
Бироқ Зулхумор Нарметова дарҳол ўқитувчи бўлишга қарор қилмаган. У археологияни орзу қилар ва тарихни ўрганишни истарди. Аммо тақдир уни Иваново давлат университетига олиб келди ва у ерда рус тили ўқитувчиси йўналишида ўқишни бошлади.
Дастлабки йиллар осон кечмади. У кўп шуғулланарди, соатлаб дарс қилар ва ўқув залидан деярли чиқмасди. Семинарларда жавобларни билса ҳам, қўл кўтаришдан қўрқарди: жуда уялар ва жавоби нотўғри бўлиб чиқадигандек туюларди.
“Эҳтимол, ҳозир менинг ўқучиларимда ҳам шундай кечинма ва хавотирлар бордир”, — дея қўшимча қилади у.
Балки шунинг ҳам, у рус тилини қийинчилик билан ўзлаштираётганларни жуда яхши тушунади.
Соғлиғи туфайли ёш Зулхумор Ивановода ўқишни охирига етказа олмади ва Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлди, бу ерда В.В. Решетов номидаги Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтининг сиртқи бўлимини тамомлади.
Шундан кейин туман пионерлар саройида методист бўлиб ишлади. Кейинчалик, СССР парчалангандан сўнг, 15 йилга банк соҳасига ўтиб кетди ва иккинчи — иқтисодчи мутахассислигини эгаллади. Гўёки унинг йўли рус тилидан бутунлай узоқлашгандек эди.
Лекин педагогикага бўлган меҳр ғалаба қозонди. Дастлаб Зулхумор Икромовна 2-сонли техникумга (ўша пайтда коллеж) иқтисодиёт билан боғлиқ махсус фанлар ўқитувчиси бўлиб ишга кирди. Таълим дастурлари ўзгаришни бошлагач, унга рус тилидан дарс беришни — биринчи мутахассислиги бўйича ишлашни таклиф қилишди. Мана, кўп йиллардан бери унинг иш куни нафақат рус тили қоидалари, балки энг асосий саволга жавоб топишга уриниш билан ҳам боғлиқ: рус тили замонавий ўсмирга нима учун керак?
У жавобни ўқувчилари билан бирга излайди. Кимдир учун рус тили келажакдаги касбининг тилига айланади. Бошқаси учун эса — Ўзбекистондан ташқарида ва Россия олий ўқув юртлари филиалларида ўқиш имконияти. Яна кимгадир бу тил шунчаки мулоқот ва ривожланиш учун муҳим.
Аммо Зулхумор Икромовна фақатгина амалий фойда ҳақида гапирмайди. Болаларнинг бу тилдан қўрқмаслиги у учун жуда муҳим. У “Рус тилида гаплашамиз” тўгарагини олиб боради, у ерда викторина ва танловлар ташкил этади, ўқувчилар билан онлайн мулоқот қилади. Ҳатто кеч ёзилган хабарларни ҳам жавобсиз қолдирмасликка ҳаракат қилади: агар бола бугун нимагадир қаттиқ қизиқиб қолса-ю, жавоб ололмаса, эртага унинг қизиқиши сўниб қолишидан қўрқади.
“Албатта, уларга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Ҳатто тунда ва байрам кунлари ҳам — исталган вақтда, чунки мен жавоб бермасам, уларнинг қизиқиши ва иштиёқи йўқолади”, — дея қўшимча қилади Зулхумор Нарметова.
Умуман олганда, ўқитувчининг фаолияти аллақачон бир кабинет доирасидан чиқиб кетган. У кўп йиллардан бери Россотрудничествонинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик қилиб, рус тилини қўллаб-қувватлашга қаратилган таълим, маърифий ва маданий лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда. Маҳорат дарслари ўтказади ва уларда қатнашади, ҳамкасблари билан ўз педагогик тажрибасини ўртоқлашади.
Бу борада ёш китобхонларнинг “Барҳаёт классика” халқаро танлови алоҳида ўрин тутади. У тўққиз йилдан бери ушбу танловнинг Тошкент вилояти бўйича куратори бўлиб келмоқда.
Зулхумор Икромовна ўз тажрибасини педагоглар билан бажонидил баҳам кўради. Масалан, Бўстонлиқ туманидаги 2-сонли техникумида “Тезкор методик ёрдам” учрашуви бўлиб ўтди. Унда педагоглар таълим муассасасининг муайян муаммолари ҳақида суҳбатлашишлари ва биргаликда ечим излашлари мумкин эди. Рус уйи техникумга адабиётлар билан ёрдам берди: 100 тадан ортиқ китоб — бадиий ва илмий адабиётлар, шунингдек, рус тили дарсликларини тақдим этди.
Ўқитувчи доимий равишда ўз устида ишлайди ва рус тили ўқитувчилари учун ўтказиладиган халқаро танловларда иштирок этади, иншолар ёзади, лойиҳалар яратади. 2024 йилда у бутун дунё рус тили ўқитувчилари учун мўлжалланган Пушкин номидаги халқаро танлов лауреати бўлди. 2025 йилда “Хориждаги энг яхши мактаб” танловининг “Халқаро даражадаги ўқитувчи” номинациясида учинчи ўринни эгаллади. Унинг рус тили ҳақидаги яна бир иши “Биз рус тилида гапирамиз, ёзамиз, ўйлаймиз” танловида ғолиб чиқди.
Устознинг меҳнати давлат томонидан ҳам эътироф этилган: у Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси, шунингдек, Россотрудничество ва Россия олий ўқув юртларининг ташаккурномалари билан тақдирланган. Зулхумор Икромовна учун буларнинг барчаси, аввало, ўз устида ишлашни давом эттириш учун рағбатдир.
Зулхумор Нарметованинг меҳнати зое кетмаганининг энг катта исботи — унинг ҳозирги ва собиқ ўқувчилари ҳамда уларнинг муваффақиятларидир. Улар ҳар йили халқаро олимпиада ва танловларда иштирок этиб келишади. Улар орасида А.С.Пушкин номидаги Давлат рус тили институтининг рус тили бўйича халқаро олимпиадалари, шунингдек, “Лобачевский/ RU”, “Ёдда тутаман ва фахрланаман”, “Барҳаёт классика” каби танловлар, Санкт-Петербург ва Томск давлат университетларининг олимпиадалари бор.
Битирувчилардан бири Юсуф Анваров Қозондаги олий ўқув юртларидан бирига давлат гранти асосида ўқишга кирди. Яна бир ўқувчи қиз, рус тили бўйича аълочи ва танловлар иштирокчиси Зарина Басирова шифокор бўлишни орзу қилган бўлса-да, рус тили дарсларидан илҳомланиб, Чирчиқ давлат педагогика университетининг рус филологияси йўналишига ўқишга кирди.
“У ўтган йили менда амалиёт ўтаган эди. Бу ерда у дарс ўтди, биз у билан бирга ишладик. Ўйлайманки, биз келгусида ҳам ҳамкорликда ишлаймиз. Балки келажакда у менинг ўрнимни босар”, — дейди Зулхумор Икромовна.
Бу жумлада сокин қувонч бор. Чунки ўқитувчи учун, эҳтимол, энг муҳими — бир кун келиб ўқувчилари у бошлаган ишни давом эттира олишларидир.
Ва шунга қарамай, эҳтимол, уни ҳар қандай мукофотдан кўра бошқа нарсалар кўпроқ қувонтиради. Йиллар ўтиб, собиқ ўқувчиси кўчада олдига келиб, саломлашиб: “Ҳаммаси учун раҳмат”, – деганида. Армиядан рус тилида хат келганида. Битирувчиси рус тили унга ишда ёрдам берганини айтиб берганида. Ўқувчилари хато билан бўлса-да, барибир рус тилида гапиришда давом этганларида. Шунда бир нарса аён бўлади: унинг меҳнати ва рус тили нафақат дарсликларда, балки оддий ҳаётда ҳам яшамоқда.
Зулхумор опа тан олади: у ҳам ҳар қандай ўқитувчи каби чарчайди.
“Баъзида йиғлайман, баъзида хурсанд бўламан, ишдан келиб, кимдандир хафа бўламан. Шунақаси ҳам бўлиб туради. Эрталаб ҳаммасини унутиб яна ишга бораман. Чунки ўз касбимни яхши кўраман, болаларимни яхши кўраман. Ўқитувчи, аввало, болаларни севиши керак. Агар у болаларни яхши кўрмаса, натижа бўлмайди. Болаларга бутун қалбини бериши керак”, — дейди у.
Ҳозир Зулхумор опа нафақада, лекин ишдан кетиш ниятида эмас. Уни ҳамон танловлар, ўқувчилари ва ўзи ҳам ниманидир ўрганиш имконияти илҳомлантиради.
У ҳамон кечалари компьютер қаршисида ўтиради, соатлаб ишлайди, танловларда қатнашади, ўқувчиларининг барча саволлари ва хабарларига жавоб беради ҳамда янги лойиҳалар тайёрлайди. Унинг ёнида эса меҳрибон оиласи, унга доим ёрдам бериб келаётган ва энг яқин маслаҳатчиси бўлиб қолаётган турмуш ўртоғи Фатхулла Нарметов, фарзандлари ва набиралари бор.
Зулхумор Нарметова қалбига қадрли бўлган иккита кўкрак нишони — “Мўътабар аёл” ва “Ибратли оила” нишонларини фахр билан кўрсатади. Унинг учун оила — ҳаёт таянган ўша мангу ўчоқ ва мустаҳкам пойдевор.
Ва модомики бу ерда, унинг қадрдон техникумида ва жонажон Ғазалкентида русча нутқ янграр экан, рус тилининг келажаги бор.
Ғазалкентлик ўқитувчи ҳақидаги тўлиқ ҳикояни Sputnik видеосида томоша қилинг.