30 йиллик хизмат: Ўзбекистонда кинологлар ва хизмат итлари қандай тайёрланади
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида нафақат мамлакатдаги, балки хориждаги турли хизматлар учун ҳам тўрт оёқли ёрдамчилар тайёрланади. Шунингдек, бу ерда мутахассислар ўқитилиб, халқаро ҳамкорлик, жумладан, Россия билан алоқалар ривожлантирилмоқда.
Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази 1996 йилдан бери фаолият юритади, 2008 йилда эса Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий кинология марказига айланган. Бугунги кунда бу ерда 100 нафарга яқин ходим хизмат қилади. Яна 200 нафардан ортиқ кинолог эса ҳудудий божхона бошқармаларида ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан фаолият олиб боради.
“Марказимиз асосий бўлимлари: хизмат итлари билан машғулот ўтказиш бўлими, ўқув-услубий бўлими, хизмат итлари питомниги ва ветеринария хизмати”, — дейди Ўзбекистон Миллий кинология маркази бош инспектори Ҳасан Ризоқулов.
Марказда тайёрланган кинолог ва итлар гиёҳвандлик, синтетик ҳамда психотроп модда, портловчи моддаларни, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни, валюта, тамаки маҳсулотлари ва ўсимликларни қидиришда ёрдам беради. Шунингдек, улар миналарни қидиради, қутқарувчиларга ёрдам беради, қўриқлаш, қидирув ва терроризмга қарши операцияларда иштирок этади.
Марказда турли зотли наслдор хизмат итларини сақлаш ва кўпайтириш учун питомник мавжуд. Бу ерда ҳар йили 70–80 та ит етиштирилади. Ўзбекистонлик мутахассисларининг тажрибаси мамлакат ташқарисида ҳам талабгир: Ўзбекистондан олиб кетилган хизмат итлари бошқа давлатларнинг божхона хизматларида ҳам ишламоқда.
“Охирги уч йилда Корея Республикасининг буюртманомаси асосида 12 бош лабрадор зотига мансуб хизмат итлари гиёҳванд моддаларни қидириш йўналиши бўйича тайёрланиб, экспорт қилинди. Бундан ташқари, Тожикистон Республикасининг сўровномасига асосан 10 бош спаниель зотли хизмат итлари Тожикистон Республикасига беғараз ҳадя қилинди”, – деди Ҳасан Ризоқулов.
Марказда туғруқхона, кучуклар учун бинолар ва ҳатто ўйин майдончалари ҳам фаолият юритади. 2023 йилда марказдаги ветеринария клиникаси реконструкциядан сўнг қайта очилди. Бу ерда итлар профилактика, диагностика ва даволанади, зарурат туғилганда эса жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилади.
“Машғулотлар пайтида хизмат итлари механик жароҳатлар олиши мумкин. Кейинги асоратларнинг олдини олиш учун бизда ташхис қўйиш ва саломатлигини тиклаш учун барча керакли воситалар бор”, — дея изоҳ берди Ўзбекистон Миллий кинология маркази ветеринария клиникасининг кичик инспектори Нурия Зарипова.
Унинг айтишича, клиника жамоасида травматолог-жарроҳ, онколог-жарроҳ, ультратовушли диагностика мутахассиси, лаборант ва фельдшерлар ишлайди.
Бугунги кунда Миллий кинология марказининг хизмат итлари питомнигида немис, Шарқий Европа ва Ўрта осиё овчаркалари, лабрадорлар, инглиз кокер-спаниеллари ва рус спаниеллари, шунингдек, Бельгия малинуалари бор.
Кучукчалар ўйин тарзида икки ойлигидан бошлаб тайёрланади. Тўрт ойлик бўлгандан кейин эса уларни характерига қараб кинологларга тақсимлашади. Шуни таъкидлаш жоизки, барча кучукчалар ҳам хизматга яроқли бўлавермайди. Икки ойдан кейин мутахассислар кучукчанинг кейинги тайёргарликдан ўта олиши ёки ўта олмаслигини аниқлайдилар.
Кучукларни дастлабки ўргатиш учун энг яхши ёш 4 ойдан 8 ойгача. Саккиз ойлик бўлганидан сўнг эса ит маълум бир кинологга топширилади ва у итни аниқ бир моддани излаб топишга ўргатади.
Миллий кинология марказида хизмат итларини ўргатиш учун замонавий шароитлар яратилган бўлиб, у ерда имитация зали, машғулот майдончаси ва бошқа кўплаб қулайликлар мавжуд.
Миллий кинология маркази инструктори Сардор Аҳмаджонов ўқ-дориларни қидириб топишга ихтисослашган Колли лақабли хизмат ити билан ишлайди.
“Жуда ақлли ҳамда меҳрибон, эгасига садоқатли, ҳақиқий дўст. Эгаси нима хоҳлаётганинибилади, жуда яхши ишлайди. Кун давомида мен билан бирга. Бирга шуғулланамиз, бирга ўйнаймиз. Бунга жуда меҳрим баланд”,– дейди инструктор.
Колли ҳозирча икки ёшда. Ит қурол ва портловчи моддаларни аниқлаши аъло даражада ҳамда ўз эгаси билан яна узоқ вақт, 10-15 йилгача хизмат қилади. Итлар психологик жароҳат олмаслиги учун нафақага чиққанидан сўнг шу вақт давомида улар билан ишлаган кинологларнинг уйига юборилади.
Ўзбекистон Миллий кинология маркази хорижий мамлакатлар, жумладан, Россиянинг кинология хизматлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Болиқуловнинг сўзларига кўра, марказда хорижий давлатлар кинологлари малака оширмоқда. Шунингдек, бу ерда инструкторлик курслари ҳам ўтказилади.
2008 йилдан бери Миллий кинология маркази базасида 200 нафардан зиёд кинолог тайёргарликдан ўтди. Халқаро ҳамкорликда Россия Федерал божхона хизматининг кинология маркази муҳим ўрин эгаллайди.
2024 йилда Шереметьево аэропортидан кинолог-инструктор ташриф буюрди. 2026 йил сентябрда эса Россия Федерал божхона хизмати ва Ўзбекистон Божхона қўмитаси меморандум имзолади. Унинг мақсади кинология фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашдир.
“МДҲ доирасида иккита энг йирик марказ – бу Россия Федерал божхона хизмати (ФБХ) ва Ўзбекистондаги кинология марказидир. Биз жуда яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз”, — деди Россия ФБХ Кинология марказининг Марказий божхонаси бошлиғи Алексей Черкавский.
Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат мутахассислари қўшма тадбирлар, жумладан, мусобақалар, йиғинлар ўтказиб кинологларни тайёрламоқда.
Халқаро ҳамкорлик мутахассисларга умумий хавфсизликда иш самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Хизмат итлари эса адашишнинг баҳоси жуда қимматга тушадиган жойларда ишлайди.
Ўзбекистон Миллий кинология марказининг фаолияти ҳақида батафсил Sputnik видеосида томоша қилинг.