Қорақалпоғистонни иқтисодий ривожлантириш соҳалари белгиланди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.09.2026
Oбуна бўлиш
Президент Қорақалпоғистонда янги саноат зоналари ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида илғор лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда йирик қурилиш лойиҳаларини бошлашни белгилаб берди.
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Бугун Нукусда Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда қуйидаги соҳаларни ривожлантириш белгланди:
“Ресурсдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида янги саноат ва инвестиция харитаси яратилади. “Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош” йўналиши “яшил саноат йўлаги” – “интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги”га айланади.
Сунъий интеллект ва дата марказлар учун ташкил этилган махсус зонада 8 миллиард долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади. Беш йиллик дастур ишлаб чиқиб, инвесторлар учун 1 гигаваттли барқарор электр таъминотини йўлга қўйиш топширилди.
“Яшил” энергияни “карбон кредит”га айлантириш орқали йилига 50-100 миллион доллар даромад олиш имконияти қайд этилди. Йил якунигача Оролнинг 50 минг гектарида “ўрмон карбон кредити” дастури бошланади.
Италиянинг “Bonifika Ferrarizi” компанияси билан Тахтакўпирда 50 миллион долларлик лойиҳа бошланмоқда. Унда 2 минг гектарда помидор ва ғалла етиштирилиб, чуқур қайта ишланади ҳамда Европага экспорт қилинади.
Оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади. Келаси йили ресурслар 2 карра оширилиб, “драйвер” лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Шу ҳисобдан камида 50 минг одамни даромадли қилиш белгиланди.
Тўрткўлдаги “Ёнбош” ва Бўзатовдаги “Эркиндарё” каналларини бетонлаш, сув иншоотлари ва артезиан қудуқлар қуришга 135 миллиард сўм ажратилади. Икки канални 1 мартгача бетонлаш, келаси йил 17 минг гектарда озуқа экиб, 2 минг одамни даромадли қилиш топширилди.
Сув объектларини модернизациялаш учун жалб қилинадиган грантлар 100 миллион долларга етказилади. 1 апрелгача Қорақалпоғистондаги 59 та, бошқа вилоятлардаги 200 та сув насоси янгиланади.
Чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш учун Қўнғирот, Беруний ва Чимбойда 2 минг гектар ер тикланмоқда, келаси йили яна 5 минг гектар ўзлаштирилади. Озуқа етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия берилади.
Йирик чорва комплекслари учун кредит миқдорини 50 миллиард сўмгача оширилади. Самолётда олиб келинадиган наслли буқалар қийматининг 10 фоизи, ҳар бир бош учун 4 миллион сўмгача субсидия қилинади.
Тахтакўпирда Шинжон тажрибаси асосида озуқа етиштириш ташкил этилиб, хориждан 5 минг бош қўй-эчки олиб келинади. Йил якунигача 100 минг бош қўй-эчки боқишни йўлга қўйиш белгиланди.
Боғдорчиликда 30 минг гектарда шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик плантацияларини ташкил этиш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилади.
Келгуси баҳордан Нукус туманидаги 10 минг гектарда қовун етиштириш бошланади. Энг яхши навлар ва мутахассислар жалб этилиб, қайта ишлаш ҳамда экспорт билан шуғулланадиган холдинг ташкил қилинади.
Нукуснинг “Ашшикўл” ҳудудида 50 минг аҳолига мўлжалланган “Нукус сити” қурилиши бошланди. 270 гектарда энергия тежамкор бинолар, бизнес, савдо ва сервис марказлари, яшил хиёбонлар барпо этилади.
Йиғилишда, шунингдек, келгуси йили қорақалпоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини муносиб нишонлаш таклифи билдирилди.

Президент раҳбари шоирнинг “Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун, ўзим дема ғамхўрлик қил халқ учун” деган ҳикматли сўзлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади. Шоирнинг илмий-ижодий меросини ўрганиш, рақамлаштириш, асраб-авайлаш ва ёшларга етказишни қамраб олган дастурни бир ойда ишлаб чиқиш топширилди.
Янгиликлар лентаси
0