Янги Деҳли декларацияси қабул қилинди
17:49 12.09.2026 (янгиланди: 18:13 12.09.2026)

© POOL
/ Oбуна бўлиш
Янги Деҳли декларацияси БРИКС саммитида бир овоздан қабул қилинди, деб эълон қилди бош вазир Нарендра Моди.
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Ҳиндистонда бўлиб ўтган саммитда БРИКС давлат раҳбарлари Янги Деҳли декларациясини бир овоздан қабул қилишди.
Декларацияда Украина можароси мавзуси алоҳида тилга олинмаган, лекин ҳужжатда бир қатор халқаро ва минтақавий масалалар, шунингдек, БРИКС мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва глобал бошқарув тизимини ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилган.
Декларациянинг муҳим бандлари:
БРИКС давлатлари можароларнинг олдини олиш ва низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди;
БРИКС мамлакатларнинг турли қарашлари ва позицияларини ҳисобга оладиган кўп томонлама ёндашувни қўллаб-қувватлайди;
БРИКС Жанубий Америка ва Африка мамлакатларининг БМТ Хавфсизлик Кенгашида етарлича вакиллик қилмаслиги муаммосини ҳал қилишга чақиради;
Биз рақамли молиявий хавфсизлик соҳасида, жумладан, чегаралараро тўлов тизимларида фирибгарликнинг олдини олишда ҳамкорликни кучайтиришга чақирамиз.
Биз БМТ Бош Ассамблеясининг А/РEС/80/4 резолюциясига мувофиқ Кубага қарши иқтисодий, савдо ва молиявий чораларни тўхтатиш зарурлигини яна бир бор таъкидлаймиз.
Биз фуқаролик инфратузилмаси ва ядровий иншоотларига қасддан қилинган ҳужумлардан жиддий хавотир билдирамиз. Ядро хавфсизлиги ҳар доим, шу жумладан қуролли можаро пайтида ҳам таъминланиши керак.
Биз Ливандаги сулҳни олқишлаймиз ва барча томонларни унинг шартларига қатъий риоя қилишга ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюциясини тўлиқ бажаришга чақирамиз.
Биз Исроилни Ливан билан келишилган шартларга риоя қилишга ва ўзининг босқинчи кучларини Ливаннинг барча ҳудудларидан олиб чиқишга чақирамиз.
Биз бардошли, ишончли ва барқарор таъминот занжирларини яратиш муҳимлигини таъкидлаймиз.
Биз БРИКС дон савдо платформасини (БРИКС дон биржаси) ташкил этишнинг муҳимлигини тан оламиз.
Биз маданий меросни, шу жумладан можаролардан таъсирланган минтақаларда ҳимоя қилишга чақирамиз.
Биз космик тизимлардан тинч мақсадларда фойдаланишни ва космик фан ва технологияларнинг ривожланишини таъминлаш зарурлигини тан оламиз.
Биз, айниқса, жиддий халқаро муаммоларга дуч келганда, Глобал Жанубнинг ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатидаги аҳамиятини таъкидлаймиз.
Биз халқаро ҳуқуққа зид бўлган бир томонлама, жазоловчи, камситувчи ва протекционистик чораларга қаршимиз.
Биз Суриянинг суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.
Биз Ғазо секторда, БМТ резолюциясига мувофиқ ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамини олиб келиш учун тўсиқларни бартараф этишга чақирамиз.
Биз Фаластинни барча халқаро ташкилотларда, жумладан молиявий институтларда етарли даражада вакиллик қилишини, шунингдек, уларнинг ресурсларидан фойдаланиш имконияти зарурлигини яна бир бор тасдиқлаймиз.
Ҳиндистонда 11-13 сентябрь кунлари БРИКС давлатларининг 18- саммити бўлиб ўтмоқда. Унда глобал ва минтақавий муаммолар, 20 йиллик стратегик шериклик натижалари ва келажакдаги истиқболлар муҳокама қилинади.