Оилавий шифокорлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев ознакомился с предложениями по реформированию медицинского образования.
Шавкат Мирзиёев ознакомился с предложениями по реформированию медицинского образования. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.09.2026
Oбуна бўлиш
Барча тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ягона электрон реестрга киритилади.
ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилади. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда маълум бўлди.

Тиббиёт олийгоҳларига қабул параметрлари ҳудудлар ва тиббиёт муассасаларининг реал эҳтиёжи, кадрлар етишмовчилиги асосида шакллантирилади. Давлат буюртмаси йўналишлар кесимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб “Даволаш иши” йўналиши ўрнига 6 йиллик “Умумий тиббиёт” бакалавриат дастурини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Беш йиллик таълимдан кейин талабалар бир йил тўлиқ амалий тайёргарликдан ўтади. Дастурни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар оилавий шифокор сифатида ишлаш имкониятига эга бўлади, дейилади хабарда.

Ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлашда ҳам янгича ёндашувлар жорий этилади. Олий маълумотли ҳамшираларнинг ташхис, даволаш ва профилактика жараёнларида шифокорга яқин кўмакчи сифатидаги ўрни оширилади.
Фармацевтика таълими ишлаб чиқариш билан янада яқин боғланади. Корхоналар эҳтиёжи асосида дуал таълим кенгайтирилиб, амалий машғулотлар улушини ошириш, талабаларни дори воситаларини ишлаб чиқишдан тортиб, сифат назорати ва стандартлаштиришгача бўлган жараёнларга жалб қилиш белгиланмоқда.
Шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мутахассисларнинг билим ва амалий тайёргарлигини мустақил баҳолаш тизими жорий этилади.
Барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантирилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир жойда жамлаш имконини беради.
Давлат рўйхатидан ўтишни 2027 йилдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этиш таклиф қилинмоқда. Кейинчалик давлат рўйхатидан ўтмаган мутахассис тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғуллана олмайди.
Мутасаддиларга янги тартибларни босқичма-босқич жорий этиш, тиббий хизмат сифати ва беморлар хавфсизлигини оширишга хизмат қилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Янгиликлар лентаси
0