Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади
10:05 29.08.2026 (янгиланди: 10:07 29.08.2026)

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Биз бугун кечагидан кучлимиз, насиб этса эртага бундан ҳам кучли бўламиз - президент.
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Жума куни Янги Тошкентда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади.
Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман, - деди президент табрик сўзида.
Ўз нутқида давлат раҳбари Республика мустақилликнинг 35 йилида эришилган ютуқларни ҳам санаб ўтди:
Ўзбекистон дунёга очилди, чегара муаммолари ҳал қилиниб, қўшнилар билан дўстлик мустаҳкамланди.
️Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилиб, Ўзбекистон иқтисодиёти эркин давлатлар қаторидан жой олди.
️ЯИМ ҳажми 160 млрд долларга, йиллик инвестициялар 40-50 миллиард долларга етди.
️Камбағаллик даражаси 35 фоиздан 4 фоизга туширилди, 650 мингдан зиёд оила уйли-жойли бўлди.
️Мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилди, мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди.
️Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитлар кенгайиши ҳисобига талабалар сони 1,6 млнга етди.
️652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилди ва хусусий секторга кенг имконият берилди.
️Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 66,4 ёшдан (1991) 75,4 ёшга (2025) етказилди.
Ундан ташқари, Шавкат Мирзиёев келгуси ўн йиллик Ўзбекистон учун миллий юксалиш даври бўлишини таъкидлади ва инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширилишини айтиб ўтди:
1.
Билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантириш.2.
Халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлаш.3.
Иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлик моделига ўтказиш.4.
Сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш.5.
Суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш.6.
Маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш.7.
Ўзбекистонни тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтириш.Шунингдек давлат раҳбари Ўзбекистон бугунги кунда барча соҳаларда ютуқларга эришганини алоҳида қайд этди.
“Биз бугун кечагидан кучлимиз, насиб этса эртага бундан ҳам кучли бўламиз. 35 йиллик тарихимиз бир ҳақиқатни кўрсатди - халқ ва давлат бирга ҳаракат қилса забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ ва уни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ”, - деди давлат раҳбари табрик сўзида.
Байрам тадбири концерт дастури билан давом этди ва мушакбозлик ҳамда дронлар томошаси билан якунланди.