Ўзбекистонда хоккей қандай ривожланмоқда?

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Янги муз майдонлари, хоккейчиларнинг ёш авлоди ва катталар терма жамоаси ўйинчилари ҳозир қаерда?
Тошкентдаги хоккей клубларидан бирида бугун қарийб 120 нафар спортчи шуғулланади. Уларнинг энг кичиги атиги тўрт ёшда. Спорт мактаби илк бор иш бошлаганида эса бор-йўғи 15 нафар тарбияланувчи бор эди.
“Биздаги болаларнинг аксарияти спортда қолади. Одатда, улар бир марта музга чиқади-ю, кейин уларни у ердан олиб чиқиш қийин бўлади. Улар айнан шу спорт турини танлашади. Албатта, хоккей осон спорт эмас. Энг асосийси — истак. Агар болада биринчи қадамни қўйиш, янгиликни синаб кўриш истаги кучли бўлса, ҳар бирида бошлаш учун имконият бор”, — деди мактаб бош мураббийи ва ҳаммуассиси Илья Назаревич.
Мураббийлар орасида россиялик мутахассислар, жумладан, турли даражадаги мусобақаларда ўйнаган профессионал хоккейчилар ҳам бор. Энди улар ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатмоқда.
“Биз ўзимиз ҳақимизда кўпроқ маълум қилишни, биз ҳақимизда эшитишларини истаймиз. Ўз ўйинимиз билан ҳатто ҳозирги шароитларда ҳам кучли ва рақобатбардош жамоалар, ўйинларда ғалаба қозонадиган иқтидорли хоккейчиларни етиштира олишимизни исботламоқчимиз”, — деди Назаревич.
Мактабдагилар кейинги қадам дунёнинг энг кучли хоккей мамлакатларидан бири — Россиядаги мусобақаларда иштирок этиш бўлишига умид қилмоқда.
Бироқ болалар хоккейидан катталар терма жамоасигача бўлган тизим тўлақонли ишлаши учун барқарор муз инфратузилмаси зарур.
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Нормундс Сейейснинг фикрича, Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида хоккей мажмуасининг қурилиши спорт имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради. Бундай майдон тўлақонли машғулотлар ва йиғинлар ўтказишга, энг муҳими, хоккейчиларнинг муздан мунтазам фойдаланишига шароит яратади.
Миллий терма жамоа ўйинчиси Жавоҳир Расулов таъкидлаганидек, ҳозир ўзбек хоккейи ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Бир томондан, болаларнинг қизиқиши ортиб, янги мактаблар очилмоқда. Иккинчи томондан эса, бу ўсиш тўхтаб қолмаслиги учун инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш зарур.
Сўнгги йиллар Ўзбекистонда хоккей қанчалик тез ривожлана олишини кўрсатди. 2019 йилдан бери мамлакатда клублар, болалар мактаблари, ўсмирлар ва миллий терма жамоалар шаклланди. Биргина 2024 йилда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси III дивизионнинг B гуруҳида жаҳон чемпиони бўлиб, А гуруҳига йўлланма олди.
“Спорт натижалари нуқтаи назаридан жуда тез илгарилаяпмиз. Аммо энди олдимизда янада мураккаб вазифа турибди — бу тизимни барқарор қилиш. Биз ёш ўйинчиларнинг катталар хоккейига ўтиши учун доимий муз майдонлари ва тушунарли тизимни таъминлашимиз керак”, — деди Расулов.
Шу тариқа, Ўзбекистон хоккейи учун навбатдаги босқич энди фақат янги ғалабалар эмас. Асосий вазифа — болаларнинг бугунги қизиқишини профессионал хоккейга олиб борадиган барқарор тизимга айлантириш.
Янгиликлар лентаси
0