Хавфли чиқиндиларини қайта ишлаш даражаси 20 фоизга етказилади

© Fotolia / Creativemarc
Oбуна бўлиш
Хавфли чиқиндилар сақланадиган барча майдонлар ва иншоотлар Чиқиндиларни қайта ишлаш агентлиги тасарруфига бепул ўтказилади.
ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Ўзбекистонда хавфли чиқиндиларини қайта ишлаш даражаси 20 фоизга етказилади. Бу ҳақда махсус президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда 2030 йилгача мўлжалланган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиыланган. Унда тоғ-кон, металлургия, кимё саноати, нефть-газ ва электр энергетикаси корхоналарида ҳосил бўлаётган I–IVсинфларга мансуб хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини20 фоизга етказиш белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар экологик экспертиза хулосасига асосан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда йиллик режалар ишлаб чиқади.
Бунда чиқиндилар ҳосил бўлиш ҳажмини камайтириш, қайта ишлаш улушини ошириш ҳамда уларни фақатгина тегишли ваколат, инфратузилма ва ижобий экологик экспертиза хулосасига эга бўлган ихтисослашган ташкилотларга зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмиш учун топшириш мажбурияти юклатилади.
Шунингдек, қайта ишлаб бўлмайдиган хавфли чиқиндиларни хавфсиз ва минимал ҳажмда жойлаштириш механизмларини тўлиқ татбиқ этиш, махсус объектларда сақланаётган чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда уларнинг ҳосил бўлиш манбалари, ҳажми, таркиби ва жойлаштириш жойлари бўйича таснифланган давлат ҳисобини юритиш асосий мақсад ва устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Агар ташкилотларнинг ўзларида тегишли ваколат ва инфратузилма мавжуд бўлса, улар қонунчиликка мувофиқ бу ишларни мустақил равишда ҳам амалга оширишига рухсат берилади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб мазкур ташкилотлар статистика ҳисоботларини йил якунига кўра шакллантириб боради ва чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 20-санасига қадар Агентлик ахборот тизимига киритиб бориши шарт.
Бу кўрсаткичларнинг бажарилиши устидан назорат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси — Экополиция томонидан амалга оширилади.
Мамлакатда хавфли ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Агентлик ҳузурида давлат муассасаси шаклида Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирекцияси ташкил этилиши белгиланди.
Шунингдек, Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ҳузуридаги Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ўз вазифа, ҳуқуқ ва мажбуриятларини сақлаб қолган ҳолда Агентлик тизимига ўтказилди.
Уран мероси объектларини экологик қайта тиклаш ва уларда барқарор радиоэкологик ҳолатни таъминлаш учун махсус ваколатли орган (регулятор) сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, оператор сифатида эса Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги белгиланди.
Фойдаланишдан чиқарилган барча махсус объектлар (чиқинди сақланадиган майдонлар ва иншоотлар) уларни экологик қайта тиклаш учун зарур маблағлар билан биргаликда Агентлик тасарруфига бепул асосда ўтказилади.
Бунда Агентликнинг алоҳида бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисоб рақами юритилиб, Дирекциянинг хўжалик фаолиятидан тушадиган соф даромаднинг 50 фоизи ҳамда махсус объектларни топшираётган ташкилотларнинг рекултивация маблағлари шу ҳисобга йўналтирилади ва объектларни қайта тиклаш ҳамда узоқ муддатли мониторинг қилиш ишларига сарфланади.
Шунингдек, Агентлик тасарруфидаги собиқ уран конлари ва хавфли саноат чиқиндиларини сақлаш объектлари жойлашган ер участкалари солиқ солинмайдиган ерлар тоифасига киритилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Агентлик тасарруфидаги собиқ уран конлари ва хавфли саноат чиқиндиларини сақлаш объектлари жойлашган ер участкалари солиқ солинмайдиган ерлар тоифасига киритилиши кўзда тутилган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан 2027 йил 1 январга қадар махсус ахборот тизими ишлаб чиқилади. Ушбу тизим Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали вазирлик ва идораларнинг платформаларига уланиб, хавфли чиқиндиларнинг рақамли паспорти яратилади ва I–III хавфлилик синфига мансуб чиқиндиларнинг ҳар бир тоннаси ҳосил бўлиш объектидан тортиб то утилизация қилиш жойигача реал вақт режимида мониторинг қилиб борилади.