Бензин ва мобил алоқа қимматлади, озиқ-овқат арзонлади: июль инфляцияси

Oбуна бўлиш
Июлда истеъмол нархлари 0,1 фоизга пасайди: озиқ-овқат арзонлади, бензин, мобил алоқа ва айрим хизматлар қимматлади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил июль ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари июнга нисбатан 0,1 фоизга пасайди. Йил бошидан буён нархлар 3,2 фоизга ошди.
Йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этди. Бу 2025 йил июлидаги кўрсаткичдан — 8,9 фоиздан 2,5 фоиз бандга паст.
Июль ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,91 фоизга арзонлади. Ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пулли хизматлар эса 0,5 фоизга қимматлади.
Озиқ-овқат маҳсулотларидан сабзи 12,6 фоизга, узун донли гуруч 6,4 фоизга, юмалоқ донли гуруч 6,1 фоизга, мош 4,2 фоизга ва пиёз 1,7 фоизга қимматлади.
Айни пайтда бақлажон 42,8 фоизга, булғор қалампири 39,4 фоизга, помидор 24 фоизга, тарвуз 20,3 фоизга, картошка 18 фоизга, қовун 14,5 фоизга арзонлади.
Июль ойида АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин 10 фоизга, АИ-95 — 8,5 фоизга, АИ-92 эса 3,9 фоизга қимматлади. Бензиннинг барча маркалари бўйича ўртача ўсиш 4,8 фоизни ташкил этди.
Хизматлар орасида маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати 2,7 фоизга, мобил алоқа хизматлари 2,4 фоизга, шаҳар автобусларида йўл ҳақи эса республика бўйича ўртача 1,4 фоизга ошди.
Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасида 2 млндан зиёд нарх кузатилди. Истеъмол саватига 419 турдаги товар ва 98 турдаги хизмат киритилган.
Янгиликлар лентаси
0