Ўзбекистон иқтисодий ўсишига қайси тармоқлар кўпроқ ҳисса қўшди

Oбуна бўлиш
Ярим йилда Ўзбекистон ЯИМи 1 072,7 трлн сўмга етди, энг юқори ўсиш қурилиш ва ахборот-алоқа соҳаларида қайд этилди.
2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти жорий нархларда 1 072,7 трлн сўмни ташкил этди. Реал иқтисодий ўсиш 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоиз бўлди, деб хабар берди Миллий статистика қўмитаси.
Асосий тармоқлар орасида энг юқори ўсиш қурилишда қайд этилди — 13,7 фоиз. Хизматлар соҳасида қўшилган қиймат 9,2 фоиз, саноатда 8 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 4,7 фоиз ўсди.
Хизматлар таркибида ахборот ва алоқа соҳаси 23,2 фоизлик ўсиш билан етакчилик қилди. Ташиш ва сақлаш хизматлари 15,8 фоиз, савдо 15 фоиз, яшаш ва овқатланиш хизматлари 10,8 фоизга ўсди.
Иқтисодиёт тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ЯИМнинг 95,8 фоизини ташкил этди. Маҳсулотларга соф солиқларнинг улуши 4,2 фоиз бўлиб, уларнинг ҳажми 8,3 фоизга ошди.
Аҳоли жон бошига ЯИМ 27,95 млн сўмга етди ва реал ҳисобда 6,6 фоизга ўсди.
Янгиликлар лентаси
0