Тошкентда "Сталин ампири": шаҳар қиёфасини яратган бинолар

© Sputnik / Бахром ХатамовЎзбекистон ИИВ Маданият саройи. 1936 йилда "Красная Заря" фабрикаси тикувчилари учун қурилган
Ўзбекистон ИИВ Маданият саройи. 1936 йилда Красная Заря фабрикаси тикувчилари учун қурилган - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
1930–1950-йилларда қурилган устунли, равоқ ва миллий нақшлар билан безатилган бинолар ҳануз Тошкент қиёфасини белгилайди. Академик Марина Бородина уларнинг ўзига хослигини шарҳлади.
ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik, Баҳром Ҳатамов. Меъморчилик ҳар бир даврнинг гўзаллик, тартиб ва келажак ҳақидаги тасаввурларини ўзида сақлайди. Совет шаҳарсозлигининг энг таниқли йўналишларидан бири Сталин ампири бўлди. Академик классицизм шаклларига асосланган бу тантанавор услуб давлатнинг бадиий ва сиёсий тили вазифасини ҳам бажарди.
Услуб 1930-йилларда шакллана бошлаб, урушдан кейинги даврда юксалиш чўққисига етди. Қатъий симметрия, йирик устунлар, салобатли пештоқлар, кенг зинапоялар, мустаҳкам карнизлар ва ҳашаматли кириш қисмлари унинг асосий белгилари эди. Бино фақат амалий вазифани бажариши эмас, балки барқарорлик, тартиб ва ижтимоий аҳамият туйғусини ҳам уйғотиши керак эди.

"Тошкентда бу йўналиш ўзига хос хусусият касб этди. Бу ерда классик композициялар Марказий Осиё меъморчилиги усуллари билан уйғунлаштирилди. Фасадларни безашда найзасимон равоқлар, нақшинкор панжаралар, ганч ўймакорлиги, муқарнаслар, майолика ва анъанавий айвонларга хос унсурлардан фойдаланилган", — дейди Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, ҳайкалтарош ва Тошкент архитектура-қурилиш университети профессори Марина Бородина.

"Чуқур пешайвонлар, балконлар ва сояли галереялар биноларни нафақат безатган, балки уларни иссиқ иқлим шароитига мослаштиришга ҳам хизмат қилган. Навоий кўчасидаги турар жой биноларини лойиҳалаштирган меъмор Леонид Георгиевич Караш замонавий меъморчиликка эркерларни олиб кирди. Улар биноларга анъанавий меъморчиликка хос ўзига таниш романтик қиёфа бахш этди".
Алишер Навоий шоҳкўчаси бўйлаб айниқса яхлит меъморий ансамбль шаклланди. Бу ерда маҳобатли жамоат бинолари турар жойлар, таълим муассасалари ва маъмурий иншоотлар билан ёнма-ён қад ростлади. Вазифаси турлича бўлса-да, уларни мутаносиб ҳажмлар, тантанавор кириш қисмлари ва пухта ишланган безаклар бирлаштириб туради.
© Sputnik / Бахром ХатамовЎзбекистон ИИВ Маданият саройи. 1936 йилда "Красная Заря" фабрикаси тикувчилари учун қурилган
Ўзбекистон ИИВ Маданият саройи. 1936 йилда Красная Заря фабрикаси тикувчилари учун қурилган - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Ўзбекистон ИИВ Маданият саройи. 1936 йилда "Красная Заря" фабрикаси тикувчилари учун қурилган
Дастлабки намуналардан бири — "Красная Заря" фабрикаси тикувчилари учун қурилган маданият саройидир. Бино 1936 йилда меъмор В. Скорняков лойиҳаси асосида барпо этилган. Кейинчалик у Индира Ганди номи билан аталган, бугун эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи сифатида маълум. Унинг тарихи Тошкентнинг бир неча авлоди маданий ҳаёти билан боғлиқ.
© Sputnik / Бахром ХатамовМарказий телеграф биноси меъмор Н. Брюханов лойиҳаси асосида қурилган. Ҳозир ундан алоқа тузилмалари фойдаланади
Марказий телеграф биноси меъмор Н. Брюханов лойиҳаси асосида қурилган. Ҳозир ундан алоқа тузилмалари фойдаланади - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Марказий телеграф биноси меъмор Н. Брюханов лойиҳаси асосида қурилган. Ҳозир ундан алоқа тузилмалари фойдаланади
Навоий шоҳкўчаси ансамблига Марказий телеграф биноси ҳам киради. У Н. Брюханов лойиҳаси асосида қурилган бўлиб, расмий манбаларда 1940 йил кўрсатилади. Салобатли портал, ярим устунлар ва пештоқнинг қатъий ритми иншоотнинг нуфузли хусусиятини таъкидлайди. Бугун бино алоқа соҳаси тузилмалари томонидан фойдаланилмоқда.
© Sputnik / Бахром ХатамовАлишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи
1940 йилда Стефан Полупанов лойиҳаси бўйича Тошкент вилояти ижроия қўмитаси учун йирик бино қурилди. Турли даврларда бу ерда Эстрада театри, Рус ёш томошабинлар театри, Ўзбекистон Ёшлар театри ҳамда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолият кўрсатди. Шу тариқа маъмурий иншоот шаҳарнинг муҳим маданий маконларидан бирига айланди.
© Sputnik / Бахром ХатамовСобиқ Тоғ-кон техникуми ётоқхонаси, ҳозирги "Ўзкимёсаноат" АЖ биноси. 1947 йилда А. А. Муҳаммадшин лойиҳаси асосида қурилган
Собиқ Тоғ-кон техникуми ётоқхонаси, ҳозирги Ўзкимёсаноат АЖ биноси. 1947 йилда А. А. Муҳаммадшин лойиҳаси асосида қурилган - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Собиқ Тоғ-кон техникуми ётоқхонаси, ҳозирги "Ўзкимёсаноат" АЖ биноси. 1947 йилда А. А. Муҳаммадшин лойиҳаси асосида қурилган
Ҳадра майдонидаги бурчак биноси ҳам шаҳарнинг эътиборли меъморий доминанталаридан саналади. У 1947 йилда меъмор А. А. Муҳамедшин лойиҳаси асосида Тоғ-кон техникуми ётоқхонаси сифатида қурилган. Устунли чуқур пештоқ, бир-бирининг устида жойлашган балконлар ва шарқона равоқлар бинога Навоий ва Фурқат кўчалари кесишмасини кўз билан "ушлаб туриш" имконини беради. Ҳозир бу ерда "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти жойлашган.
© Sputnik / Бахром ХатамовФедорович номидаги клиник санаторий биноси
Федорович номидаги клиник санаторий биноси - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Федорович номидаги клиник санаторий биноси
Мстислав Маркович нномидаги клиник санаторий Тошкент шаҳри, Амир Темур шоҳкўчаси, 39-уйда жойлашган. Муассаса тарихи 1926 йилдан, бу ерда физиотерапия шифохонаси очилган даврдан бошланади.
Унинг асосчиси Тошкентда физиотерапия ривожига асос солган шифокор-невролог Мстислав Маркович эди. 2005 йилда санаторий биноси тўлиқ қайта қурилди. Янгиланган меъморий қиёфа портик ва безакли барельефлар билан бойитилди.

"Меъморчилик — хотиранинг бир шакли. Фасадлар, равоқлар ва устунлар орқали нафақат санъат тарихини, балки муайян даврнинг тартиб, гўзаллик ва келажак ҳақидаги тасаввурларини ҳам англаш мумкин", — дейди Марина Бородина.

© Sputnik / Бахром ХатамовРавоқли деразалар, балконлар ва биринчи қаватда савдо хоналари бўлган совет даври турар жой биноси
Равоқли деразалар, балконлар ва биринчи қаватда савдо хоналари бўлган совет даври турар жой биноси - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Равоқли деразалар, балконлар ва биринчи қаватда савдо хоналари бўлган совет даври турар жой биноси
Алишер Навоий шоҳкўчаси, 16-уйда жойлашган турар жой биносида Ўзбекистон Миллий матбуот маркази фаолият юритади. Бино 1944–1946 йилларда меъмор Митхат Булатов лойиҳаси асосида қурилган бўлиб, Навоий шоҳкўчаси меъморий ансамблининг бир қисми ҳисобланади. Расмий манбаларда унинг қурилган йили сифатида 1944 йил ҳам кўрсатилади. Ушбу бино Тошкентнинг уруш ва урушдан кейинги илк давр меъморчилигига мансуб.
© Sputnik / Бахром ХатамовТемирйўлчилар маданият саройи 1938 йилда меъмор А. И. Павлов лойиҳаси асосида қурилган
Темирйўлчилар маданият саройи 1938 йилда меъмор А. И. Павлов лойиҳаси асосида қурилган - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Темирйўлчилар маданият саройи 1938 йилда меъмор А. И. Павлов лойиҳаси асосида қурилган
Темирйўлчилар маданият саройи 1938 йилда меъмор А. И. Павлов лойиҳаси асосида қурилган. Бино қиёфасида конструктивизм ва сталин даври меъморчилиги хусусиятлари уйғунлашган: фасад ганчкор безаклар ва гулдонлар билан пардозланган, дастлаб кириш қисми олдида ҳайкаллар ўрнатилган.
Бинода концерт зали, кинотеатр, кутубхоналар ҳамда Ўзбекистон темир йўллари тарихи музейи жойлашган. 1979–1980 йилларда у меъмор В. И. Пискарёв раҳбарлигида реконструкция қилинган.
Қарийб 90 йил давомида сарой концертлар ва ижодий тўгараклар ўтказиладиган маданий марказ бўлиб қолмоқда.

"Тошкент ампири Европа классикасини айнан такрорлаши билан эмас, балки унинг маҳаллий меъморий анъаналар билан мулоқоти жиҳатидан қизиқарлидир. Найзасимон равоқлар, нақшинкор панжаралар, ганч ўймакорлиги ва миллий безаклар бу йўналишга ўзига хос, осон таниладиган қиёфа бахш этган", — дейди Тошкент архитектура-қурилиш университети профессори.

© Sputnik / Бахром ХатамовМатбуот уйи Алишер Навоий шоҳкўчасидаги 30-уйда жойлашган.
Матбуот уйи Алишер Навоий шоҳкўчасидаги 30-уйда жойлашган. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Матбуот уйи Алишер Навоий шоҳкўчасидаги 30-уйда жойлашган.
Матбуот уйи Тошкент шаҳри, Алишер Навоий шоҳкўчаси, 30-уйда жойлашган. Бино 1959 йилда фойдаланишга топширилган. У 1957 йилдаёқ газета-журнал комбинати сифатида қурила бошланган. Кейинчалик бу ерда Ўзбекистон ССР Маданият вазирлиги, нашриётлар, таҳририятлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ва коммуникациялар соҳасига алоқадор бошқа ташкилотлар фаолият юритган.
© Sputnik / Бахром ХатамовТошкент кимё-технология институти биноси
Тошкент кимё-технология институти биноси - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Тошкент кимё-технология институти биноси
Тошкент кимё-технология институти биноси Алишер Навоий шоҳкўчаси, 32-уйда — собиқ Ҳамза театрининг ўнг томонида жойлашган. Бугунги кунда бу ерда Тошкент кимё-технология институтининг ўқув корпуси фаолият юритади. Бино 1935–1940 йилларда қурилган бўлиб, Тошкентнинг урушгача бўлган давр меъморий ёдгорлиги сифатида тарихий-меъморий объектлар рўйхатига киритилган.
© Sputnik / Бахром ХатамовТошкент кимё-технология институти биноси фасади
Тошкент кимё-технология институти биноси фасади - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Тошкент кимё-технология институти биноси фасади
Тошкент кимё-технология институти биноси олд томонининг кўриниши.
© Sputnik / Бахром ХатамовЎрдадаги собиқ "Ўзгипроводхоз" институтининг биноси
Ўрдадаги собиқ Ўзгипроводхоз институтининг биноси - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Ўрдадаги собиқ "Ўзгипроводхоз" институтининг биноси
Ўрдада — Алишер Навоий шоҳкўчаси ва Анҳор бўйи кесишмасида жойлашган "Ўзгипроводхоз" институтининг бурчак биноси 1950-йилларнинг биринчи ярмида қурилган.
XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб институт Ўзбекистон сув хўжалигининг муҳим илмий-лойиҳалаш мажмуаларидан бири бўлиб, сув хўжалиги объектлари, ирригация тизимлари ва гидротехник иншоотларни лойиҳалаш билан шуғулланган.

"Бугун бу биноларда фақат ўтмишнинг сиёсий рамзларини эмас, балки шаҳар муҳитининг қимматли қисмини ҳам кўра билиш муҳим. Уларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарихий қиёфасига зарар етказмаган ҳолда замонавий ҳаётга мослаштириш зарур", — дея таъкидлайди Марина Бородина.

© Sputnik / Бахром ХатамовМеъмор А. Сидоров лойиҳаси асосида 1937 йилда қурилган "Средазуголь" бошқармаси биноси
Меъмор А. Сидоров лойиҳаси асосида 1937 йилда қурилган Средазуголь бошқармаси биноси - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Меъмор А. Сидоров лойиҳаси асосида 1937 йилда қурилган "Средазуголь" бошқармаси биноси
"Средазуголь" бошқармаси биноси 1937 йилда меъмор А. Сидоров лойиҳаси асосида қурилган. У ривожланаётган кўмир саноатининг маъмурий рамзи сифатида лойиҳалаштирилган.
Бино меъморчилиги ортиқча безаклардан холи бўлса-да, маҳобатлилиги билан ажралиб туради. Поғонали композиция, мутаносиблик ва деразаларнинг қатъий мароми унга вазмин ҳамда салобатли қиёфа бахш этган. Бинода маъмурий иншоотга хос функционаллик ва лўнда тантанаворлик уйғунлашган.
© Sputnik / Бахром ХатамовМустақиллик шоҳкўчаси бошидаги бино 1940 йилда меъморлар В. Волчек ва Б. Ларионов лойиҳаси асосида қурилган
Мустақиллик шоҳкўчаси бошидаги бино 1940 йилда меъморлар В. Волчек ва Б. Ларионов лойиҳаси асосида қурилган - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Мустақиллик шоҳкўчаси бошидаги бино 1940 йилда меъморлар В. Волчек ва Б. Ларионов лойиҳаси асосида қурилган
Мустақиллик шоҳкўчасининг бошида, собиқ Пушкин кўчасида жойлашган бино 1940 йилда меъморлар В. Волчек ва Б. Ларионов лойиҳаси асосида қурилган. Унинг фасади сталинча неоклассицизм услубида ишланган бўлиб, устунлар, ганчкор безаклар ва чироқли обелисклар билан безатилган.
Дастлаб бино Ўзбекистон ССР Коммунистик партиясининг шаҳар қўмитаси учун мўлжалланган. Кейинчалик бу ерда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, "Пионер Востока" газетаси таҳририяти, "Daewoo Unitel" ва "Daewoo Bank" офислари жойлашган. Бир неча йил қаровсиз қолган маданий мерос объектида 2025 йил кузида реконструкция ишлари бошланган.
© Sputnik / Бахром ХатамовАбай кўчаси ва Алишер Навоий шоҳкўчаси кесишмасида 1950 йилда қурилган турар жой биноси
Абай кўчаси ва Алишер Навоий шоҳкўчаси кесишмасида 1950 йилда қурилган турар жой биноси - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Абай кўчаси ва Алишер Навоий шоҳкўчаси кесишмасида 1950 йилда қурилган турар жой биноси
Абай кўчаси ва Алишер Навоий шоҳкўчаси кесишмасида 1950 йилда қурилган уч қаватли турар жой биноси меъморий ёдгорлик сифатида эътироф этилган ва давлат муҳофазасига олинган.
© Sputnik / Бахром ХатамовНавоий кўчасидаги "Чирчиқстрой" трести бошқармаси биноси 1950 йилда меъмор В. Архангельский лойиҳаси асосида қурилган
Навоий кўчасидаги Чирчиқстрой трести бошқармаси биноси 1950 йилда меъмор В. Архангельский лойиҳаси асосида қурилган - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2026
Навоий кўчасидаги "Чирчиқстрой" трести бошқармаси биноси 1950 йилда меъмор В. Архангельский лойиҳаси асосида қурилган
Тошкентдаги Навоий кўчасида жойлашган "Чирчиққурилиш" трести бошқармаси биноси 1950 йилда меъмор В. Архангельский лойиҳаси асосида қурилган.

"Классицизм учун ансамблли қурилиш айниқса хосдир. Афсуски, кейинчалик бу тамойил Тошкент меъморий композициясидан деярли йўқолди. 1938 йилда меъморлар А. ва Е. Жмуйда лойиҳаси асосида бунёд этилган Педагогика институтининг уч бинодан иборат маҳобатли мажмуаси бунга ёрқин мисол эди. Асосий бино марказий фасадининг тантанавор зинапоясини икки томондан “Билим” ва “Маърифат” ҳайкалтарошлик композициялари безаб турарди. Бироқ яқинда амалга оширилган муваффақиятсиз реконструкция натижасида ушбу асарлар ҳам, меъморий ансамблнинг яхлитлиги ҳам йўқотилди", — дея хулоса қилади Бородина.

Бугун бу иншоотлар фақат ўтмишдаги давлат мафкурасининг рамзи сифатида қабул қилинмайди. Улар Тошкентнинг кундалик қиёфаси, шаҳар аҳолиси учун таниш манзиллар, иш, таълим ва маданият масканларига айланган. Уларнинг қиммати сиёсий тарих, бадиий изланишлар, қурилиш технологиялари ҳамда Европа классикасини миллий анъаналар билан уйғунлаштириш тажрибаси ҳақида бир вақтнинг ўзида ҳикоя қила олишидадир.
Янгиликлар лентаси
0