Субтропик жазирамада ўрмон яратган инсон — Александр Федин

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Александр Федин Сурхондарё вилоятининг қумли ерларига 40 йил олдин биринчи кўчатларни эккан эди — ҳозир бу ер 80 гектарлик яшил воҳага айланган.
Термиз тумани ерлари қумлар билан қопланган, субтропик иқлимнинг жазирама қуёши остида фақат беозор тиканларгина омон қолади. Бироқ Александр Федин учун бу 80 гектардан ортиқ майдонда ҳақиқий ўрмон кўкартиришга тўсқинлик қилмади.
Жарқўрғон шаҳарчасида, аҳоли яшайдиган кўчалар ортида қумли, гўё жонсиз уфқлар кўринади. Аммо бир неча юз метр масофани босиб ўтгандан кейин сайёҳни яшил макон ва Оқтепа сув омбори кутиб олади. Айнан шу ерда, қирғоқда Александр Григорьевич 40 йил олдин биринчи кўчатларни эккан эди.
1980 йилларнинг ўрталарида Федин дўстлари билан Оқтепа соҳилларига тез-тез овга келиб турарди. Ўша пайтларда у ерда саноқли дарахтлар бор эди, холос. Шунда улар бу манзарани ўзгартиришга киришди.
Ҳаммаси бешта чинордан бошланган эди. Қирқ йил ичида уларнинг атрофида бутун бошли ўрмон пайдо бўлди. Бу ерда ёввойи тўнғизлар ва чиябўрилар яшайди, ноёб қушлар ин қуради, мавсумий кўчиш пайтида эса сув омбори қирғоғида қушларнинг бутун галаси қўним топади.
Ҳатто Сурхондарёда кам учрайдиган чағалайлар ҳам бу яшил гўшани ўзларига макон тутган. Ҳозирда бу жой нафақат ҳайвонлар учун бошпана, балки атрофдаги ҳудудларни чанг бўронларидан ҳимоялаб, карбонат ангидридни ушлаб қолади ва ҳавони кислород билан тўйинтиради.
“Маҳаллий овчилар билан йиғилиб, ҳашар уюштирардик. Ош дамлаб, кунига 100 тупдан дарахт экардик. Ҳар якшанба шундай эди”, – дейди ўрмончининг вафодор дўсти Абраҳмат Алланазаров.
“Ҳамма иш қўлда қилинган – кўчатлар олиб келардик, тупроқ қуруқ бўлгани учун каналдан суғоришга ариқлар қазиганмиз”, – дейди ўрмончи.
Ташаббус расмий қўллаб-қувватланди: 1989 йилда давлат Александр Фединга унинг илтимосига биноан 4 гектар ер ажратди. Орадан бир йил ўтиб, кўчатлар илдиз отганда яна 80 гектар ер берилди.
Дарахт экиш фақатгина биринчи қадам бўлди. Уларни мунтазам парваришлаб туриш керак эди. Бундан ташқари, ҳудудни турли тажовузкор кишилардан ҳимоя қилиш керак бўлди – қўшни туманлар аҳолиси ўрмонга чорва боқиладиган майдон, баъзилари эса ҳатто дам олиш маскани сифатида кўз олайтирганди. Федин табиатга бундай аралашувларга доим қарши бўлган.
Бугун ўрмон бўйлаб сайр қилар экансиз, акас (акация), қарағай, олма дарахтлари, маймунжон, ёввойи ва боғ узумларини ҳамда маҳаллий флоранинг бошқа кўплаб турларини учратишингиз мумкин. Ҳосил йиғиб олинадими, деган саволга овчи ҳаммаси қушларга қолишини айтди.
Александр Фединнинг ўзи Тожикистонда туғилган, бироқ болалигида оиласи билан Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон шаҳрига кўчиб келган. Шу ерда улғайиб вояга етди, уйланди, токарь бўлиб ишлади, бўш вақтларида эса дўстлари билан овга чиқиб турарди. Кейинроқ қариндошлари Россиянинг Тамбов шаҳрига кўчиб кетишди. Федин уларникига бир неча бор меҳмонга борган бўлса-да, ўзининг она юрти унинг учун ҳамиша азизроқ эди. Саша амакининг айтишича, Россиянинг табиати, айниқса, бепоён ўрмонлари уни мафтун этган экан. Ҳар сафар уйига қайтганида, ўз ватанида ҳам шундай яшил гўша яратишни ўйларди.
Александр Федин бир қатор муносиб мукофотлар билан тақдирланган – 2023 йилда унга “Табиат ҳимоячиси”кўкрак нишони, 2025 йилда эса “Дўстлик” ордени топширилган.
Ҳозир қаҳрамонимиз 67 ёшда. У 2025 йил охиридан хотирасини йўқота бошлаган. Касаллик хотираларни аста-секин ўчириб борса-да, Федин ҳамон таниш сўқмоқларни топа олади ва онда-сонда келадиган меҳмонлар учун мамнуният билан экскурсиялар ўтказади.
Яқинлари кетганидан кейин Фединнинг ёнида фақат дўсти Абраҳмат Алланазаров қолди. У ҳар куни дўстини ўрмонга кузатиб боради, кечқурун эса ўз уйига олиб кетиб, ғамхўрлик қилиб, эътибор кўрсатади. Абраҳматнинг оиласида Саша амакини анча вақтдан бери ўзлариникидек қабул қилишган.
Александр Григорьевичнинг шахсий уйи бўлмаган, фақат кўкаламзорлар орасида бир уйчаси бор эди, ҳозир уни янгилашмоқда. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бу воқеага аралашди: эски, одатий жойда янги уй қуриб берилди ва яшаш учун тайёрланмоқда. Психолог эса ҳафтасига бир неча марта унга яна тўлақонли ҳаёт кечиришни ўрганишга ёрдам беряпти.
Унинг яқин дўсти Абраҳмат фақат бир нарсани— дўстининг ёнида яна яқинлари бўлишини орзу қилади. У Sputnik мухбирига берган интервьюсида қариндошларига мурожаат қилди:
“Бизга ҳеч нарса керак эмас. Ҳозир уйи ҳам, бошқа ҳамма нарсаси ҳам бор. Саша аканинг олдига келинглар”.
Александр Фединнинг ҳикояси бугун сайёрамиз учун қанчалик фойдали иш қилганимиз ҳақида ўйлаб кўришга ундайди. Биз кўпинча ҳаётимиз яхши томонга ўзгаришини истаймиз-у, лекин ёлғиз ўзимиз эплай олмасликдан қўрқиб, тараққиёт йўлида бирор нарса қилишга камдан-кам журъат этамиз. Бироқ фойдали ўрнак ҳам “юқумли” бўлиши мумкин.
Янгиликлар лентаси
0